Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вакилларидан иборат делегациянинг Малайзия давлатига ташрифи бошланди.

Ташрифнинг асосий мақсади икки давлат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва соҳада амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.

Дастлаб делегация аъзолари Малайзия парламенти Сенатининг Давлат бошқаруви, ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмитаси, “Malayziya Transparency International” ташкилоти, “Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маркази”(C4) раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.

Учрашувларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилиб, ташкилотлар миқёсида доимий тажриба алмашиш механизмларини кўриб чиқиш, қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Хусусан, Малайзия парламенти Сенатининг Давлат бошқаруви, ҳалоллик ва коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус қўмитаси раиси Арман Азха Абу Ханифа билан учрашувда коррупцияга қарши самарали курашишни таъминлашда шаффоф ва ҳисобдор давлат бошқаруви тизимини шакллантиришда парламентнинг ўрни, икки мамлакатнинг бу борадаги тажриба ва ёндашувлари хусусида ўзаро фикр алмашилди.

“Malayziya Transparency International” ташкилоти президенти Муҳаммад Мохан билан мулоқотда эса коррупцияга қарши курашишда нодавлат ташкилотларининг иштироки, БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси ва соҳадаги бошқа халқаро стандартларнинг миллий қонунчиликка имплементацияси, коррупцияга қарши курашиш органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлик механизмларига эътибор қаратилди.

Малайзиянинг Коррупция ва непотизмга қарши курашиш маркази (C4) фаолиятининг мақсади ҳукуматнинг барча даражаларида очиқ, шаффофлик ва ҳисобдорлик сиёсатини илгари суришга қаратилган.

Марказнинг директорлар кенгаши раиси Эдмунд Теренс Гомес билан учрашувда манфаатлар тўқнашувининг олдини олишда миллий қонунчиликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашиш ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича маълумот ва профессионал материаллар алмашинувини йўлга қўйиш йўналишларида муҳим келишувларга эришилди.

ЎзА