Ўзбекистон Республикаси Президенти “Шоли етиштирувчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқа маҳсулот етиштирувчиларга шоли етиштириш ва харид қилиш харажатларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 декабрдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқда кластер ва кооперация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-52-сон қарорида белгиланган шартларда имтиёзли кредитлар ажратилади.
Бунда:
а) шоли харид қилиш бўйича шартномалар шоличилик кластерлари билан фермер хўжаликлари ўртасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Агроплатформа» ахборот тизими орқали тузилади;
б) 2025-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан шоли экиш учун харид қилинган ва ишлаб чиқарилганига бир йилдан ошмаган янги уруғ сеялкалари ҳамда кўчатлаб экиш ускуналари қийматининг 20 фоизи Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш орқали қоплаб берилади;
в) Хоразм вилоятида шоли етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун Давлат бюджетидан уларга қуйидаги қўшимча субсидиялар ажратилади:
шоли етиштириш учун ҳар бир гектар лазерли текисланган майдонга сарфланган ёқилғи-мойлаш материаллари харажатларининг 100 фоизини, бироқ бир гектар учун умумий харажат миқдорининг 1 млн сўмдан ортиқ бўлмаган қисмини қоплаш учун;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-144-сон қарорида белгиланган миқдорларда замонавий сув тежовчи технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Хоразм вилояти ҳокимлиги Корея Республикасининг «KOPIA» маркази билан ҳамкорликда Гурлан туманида масъулияти чекланган жамиятлар шаклида шоли элита уруғчилик марказлари ташкил этади.
Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда уруғчилик марказларида юқори авлодли уруғликни кўпайтириш йўлга қўйилади;
уруғчилик марказлари юқори авлодли уруғликларни карантин назоратидан ўтказилган хорижий компаниялардан ёки Шоличилик илмий-тадқиқот институтидан қабул қилади ва купайтиришни ташкил этади;
уруғчилик марказларига шолининг элита авлодли уруғчилигини етиштириш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ер майдонлари ажратилади;
уруғчилик марказлари томонидан уруғлик шолини тозалаш, саралаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан Филиппин Халқаро шоличилик илмий-тадқиқот институти ўртасида доимий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатилади. Шолининг шўрга, қурғоқчиликка чидамли эртапишар линиялар ва халқаро стандартларга мос навлар уруғлари олиб келиниб, Хоразм вилоятининг тупроқ-иқлим шароитида мунтазам синовлар ўтказилиши йўлга қўйилади.
Бунда:
хорижий ва маҳаллий генофонддан самарали фойдаланган ҳолда, шолининг янги навларини яратиш тизими янада такомиллаштирилиб, ушбу соҳага илғор халқаро тажрибалар жорий этилади;
хорижий шоли навлари бўйича икки йил давомида синовлар ўтказилиб, тезпишар, кам сув талаб қиладиган, юқори ҳосилли навлар танлаб олинади ҳамда 2027 йилга қадар танлаб олинган навларнинг бирламчи уруғчилиги йўлга қўйилади;
шоличилик йўналишидаги халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, уруғчилик хўжаликлари мутахассисларининг малакаси ошириб борилади.
2024 йил ҳосилидан бошлаб, истисно тариқасида, Хоразм вилоятидаги 120 центнер ва ундан юқори ҳосил олган қишлоқ хўжалиги корхоналарига етиштирилган шолининг 50 фоиздан ошмаган гуруч маҳсулотини экспортга йўналтиришга рухсат берилади.
ЎзА