Бугун, 2024 йил 15 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқараётган мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.
Мажлис кун тартибига “Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги конституциявий қонун, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ҳамда “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар киритилган.
Шунингдек, мажлисда “Ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун, бир қатор халқаро ҳужжатларга қўшилиш ва Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциясини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунлар ҳам кўриб чиқилади.
Ўзбекистон учун устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар рўйхатини тасдиқлаш масаласини кўриб чиқиш, Сув хўжалиги вазирлигининг сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳанинг бошқариш механизмларини ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси бўйича ахборотини эшитиш ҳам режалаштирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА