Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани секторлар раҳбарлари, тегишли ташкилотлар масъуллари энг олис ҳудуд “Чуқурқоқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашиб, уларнинг мурожаат ва муаммоларини ўрганди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур ҳудуд аҳолиси фикр-мулоҳазаларидан уларнинг бугунги ҳаётидан мамнун эканликларини англаш мумкин. Бугунги кунга шукрона қилиб яшаётган чекка ҳудуд аҳолисига ҳар қанча тасанно айтсанг арзийди, Аёлларидаги ибо ва латофат, камтаринлик, миллийликни кўриб қадимий аждодларимиздан келаётган урф-одатлар сақланганининг гувоҳи бўласиз.
Сўнгги йилларда “Чуқурқоқ” маҳалласида кўпгина ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, ҳудудда бозор ярмаркаси доимий ташкил қилиниб келинмоқда. Овулдаги кам таъминланган 6 та хонадонга, мактабгача таълим муассасаси, овул шифокорлик пунктига қуёш панели ўрнатиб берилди. Элликқалъа тумани марказига қатнаш учун автобус қатнови йўлга қўйилди.
Шунингдек, болалар учун янги “Workout” майдончаси қуриб битказилди. Сувни фильтрловчи ЭКОСнинг 3 дона двигатели таъмирланди. Кадастри йўқ бўлган хонадон эгаларига ҳужжатлари расмийлаштириб берилган. Ички йўлларни таъмирлаш бўйича ишлар амалга оширилган. Шунингдек, фуқаролар мурожаати асосида янги мактаб фойдаланишга топширилди.
Маҳалла ёшлари билан учрашув ўзгача юқори кайфиятда ўтказилди. Улар томонидан берилган ҳар бир мурожаат сектор раҳбарлари назаридан четда қолмади. Учрашув сўнггида ҳудуд ёшларига китоблар, ўқув қуроллари, мактаб формалари ва спорт анжомлари совға қилинди.
Ташриф давомида туман ҳокими В.Ниязимбетов томонидан ҳудудда фаолият юритувчи мактабгача таълим ташкилоти, оилавий шифокорлик пункти, умумтаълим мактаби, тоза ичимлик суви ишлаб чиқарувчи ЭКОС фаолияти ўрганилди. Халқни қийнаётган муаммолар назоратга олинди.
Шу куни ҳудудда арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил қилинди. Маҳалла аҳолиси халқ эҳтиёжи учун зарур мактаб кийимлари, озиқ-овқат маҳсулотлари олиш имкониятига эга бўлди. Туман аҳолиси тиббий кўрикдан ўтказилди. Тажрибали шифокорлар томонидан уларга тиббий ёрдам кўрсатилди.
Албатта, ўзларига кўрсатилаётган бундай эътибордан “Чуқурқоқ”да истиқомат қилаётган инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилди. Уларнинг ҳар бири давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этди, десак муболаға бўлмайди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами арафасида ташкил этилган эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.