Сайлов барчани жамият миқёсида фикрлашга, кенг қамровли ташаббуслар ҳақида мушоҳада юритишга ундайдиган жуда муҳим жараёндир. Имзо йиғиш – сайловда қатнашишнинг энг муҳим талабларидан бири бўлиб, сайлов кампаниясининг бошланғич палласи ҳисобланади.
Партиянинг сайловда қатнашиш бўйича имзо йиғиш жараёнлари Оролбўйи минтақасида уюшқоқлик билан давом этмоқда. Навбатдаги жараён партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши биносида ташкил қилинди. Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши вакиллари, депутатлар, хотин-қизлар, фаол ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Таъкидланганидек бу йилги сайловлар мутлақо янгича аралаш сайлов тизимида бўлиб ўтади. O’zLiDeP партияси ўзининг янги стратегияси билан аҳоли ичига кириб боришни мақсад қилган. Яъни “Ваъда эмас натижа, эртага эмас бугун” шиори остида ғояси илгари сурилмоқда.
– O’zLiDePнинг сайловда қатнашиши биз каби тадбиркорлар учун катта имконият – дейди тадбир иштирокчиси, “MUINAK TOUR” масъулияти чекланган жамият раҳбари, тадбиркор Амина Бекжанова. – Ўзим ҳам тадбиркорликнинг айнан туризм соҳасида фаолият юритиб келаман. Чунки партия ўтган йиллар давомида мен каби ишбилармонларнинг қалқонига айланган. Хусусан, солиқ ва божхона божларини камайтиришда партиянинг хизматлари беқиёс. Шу боис партиянинг бўлажак сайловларда қатнашиши учун имзо бердим.
Имзо йиғиш жараёнида сайловчилар партия ғоялари билан қизиқиб, эришган ютуқлари юзасидан фикр мулоҳазалар билдирмоқда. Ушбу жараёнда қорақалпоғистонлик сайловчилар партия мақсад ва вазифаларини ёқлаб, фуқаролик позициясини имзо варақаларида намоён этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.