ДИҚҚАТ! Тошкентда жаҳон чемпионати старт олмоқда

Бугун, пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида яна бир йирик спорт тадбири – оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпионати старт олади. Ушбу нуфузли мусобақада Жаҳоннинг 50 га яқин давлатидан 350 дан ортиқ спортчи ва мураббийлар, мутахассислар иштирок этади.
 
Бунгача пойтахтимизда мусобақа доирасида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, Халқаро оғир атлетика федерациясининг ижроия қўмитаси йиғилиши, шунингдек, навбатдаги Конгресс ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ушбу мусобақада 20 нафарли асосий таркиб билан қатнашмоқда.
Улар орасида катталар ўртасидаги Жаҳон чемпионати совриндори Адҳам Эргашев, бир неча бор Осиё чемпионатлари ғолиб ва совриндорлари Саидмухтор Саидаҳроров, Акбар Жўраев, Муҳаммадали Қаҳрамоновлар бор. Умуман, таркибдаги деярли барча атлетларимизда халқаро майдон тажрибаси етарли. Қизларимизнинг имкониятлари ҳам ёмон эмас. Зеро, таркибдан Кумуш Файзуллаева, Гулноза Аҳмадова, Долера Давронова, Турсуной Жабборова сингари нуфузли халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндорлари ўрин олишган. Шуни алоҳида қайд этиб ўтиш лозимки, Кумуш ва Гулноза бунгача ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати медалларини қўлга киритишган.
Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари:
Йигитлар
-62 кг: Муҳаммадали Каҳрамонов
-69 кг: Адҳамжон Эргашев
-69 кг: Ҳакимжон Шамсиддинов
-77 кг: Муҳаммадқодир Тоштемиров
-77 кг: Ғайрат Айтмуратов
-85 кг: Зайнобиддин Маҳамадаминов
-94 кг: Азимжон Хожиев
-105 кг: Акбар Жўраев,
-105 кг: Саидмухтор Саидаҳроров
+105 кг: Шахмердан Кемалов.
Қизлар:
-48 кг: Зуҳра Отажонова
-58 кг: Сайёра Есбергенова
-63 кг: Кумушхон Файзуллаева
-69 кг: Зарнигор Абдураҳмонова
-69 кг: Лайлохон Хурсанова
-69 кг: Базаргул Рамбергенова
-75 кг: Гулноза Аҳмадова
-75 кг: Турсуной Жабборова
-90 кг: Долера Давронова
-90 кг: Шодмоной Очилова.
Маълумот учун: Ушбу ёш тоифаси, яъни 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ўтган йили Япония пойтахти Токио шаҳрида ташкил этилган. Ўшанда Фарҳод Собиров -94 кг вазн тоифасида барча чиқишлар бўйича энг юқори натижа кўрсатиб, учта олтин медалга сазовор бўлганди. Шаҳзод Худойберганов эса 77 килограммгача бўлган атлетлар ўртасида силтаб кўтариш ва иккикурашда иккита кумуш медални қўлга киритган.
Умуман олганда, кейинги 5 йил давомида ҳамюртларимиз доимий равишда Жаҳон чемпионатларида турли медалларга эгалик қилиб келишмоқда. Демак, йигит-қизларимиз олдида ана шу ёқимли анъанани муносиб давом эттиришдек масъулиятли вазифа турибди.
Ёнингизда бўлса, 2013 йилги ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ҳам Тошкентда ўтказилганди. Унда дунёнинг 17 ёшгача бўлган энг сара полвонлари ғолиблик учун кураш олиб боришган. 20 ёшгача бўлган атлетлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатига эса мамлакатимиз пойтахти биринчи марта мезбонлик қилмоқда.
Бугундан бошлаб мусобақаларга расман старт берилади. Унда аёллар ўртасида -48кг, эркаклар ўртасида эса -56 кг вазн тоифасида дастлабки совриндорлар аниқланади.
Баҳслар 14 июлга қадар давом этади.

 

О.Юнусов, ЎзА