Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва «ШҲТ плюс» форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Остона шаҳрига келди.

Остона халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Қозоғистон Республикаси Бош вазири Олжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Шу куни Остона шаҳрида ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Хитой Раисига Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидладилар.

Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди.

Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди.

Йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.

Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имкониятлари қайд этилди.

Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён мамлакатимизда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди.

Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва «яшил» энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди.

Яқинда Жиззах вилоятида Ўзбекистон – Хитой технопарки ишга туширилгани ва минтақамизда биринчи бўлиб «BYD» электромобиллари ишлаб чиқарила бошлангани мамнуният билан қайд этилди.

Хитойнинг етакчи молиявий тузилмалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, «Ипак йўли» жамғармаси билан инвестиция платформаси яратилди, Хитой Эксимбанки кўмагида пойтахтимизда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкент шаҳрида ҳудудий филиали очилиши кутилмоқда.

Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Йил бошидан буён мамлакатимизнинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди.

Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши белгилаб олинди.

Президентимиз ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг «ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва «уч ёвуз куч»га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, «Марказий Осиё – Хитой» формати ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбари ХХР етакчисига ШҲТга раислик даврида катта муваффақиятлар тилади.

Туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.

Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими – «Лу Бан устахонаси»ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ХХР Раисини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Учрашув ҳар доимгидек ўзаро ишонч, очиқлик ва дўстлик руҳида ўтди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Турли даражалардаги мулоқотлар фаол давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми, қўшма корхоналар сони ортмоқда.

Давлатимиз раҳбари Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун қулай шароитларни шакллантириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, кимё ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи 2025-2026 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳим экани қайд этилди.

Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес форуми ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олинди.

Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлиги таъкидланди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

ШҲТнинг 4 июль куни бўлиб ўтадиган саммити кун тартибидан ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари ўрин олган. Халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари ҳам кўриб чиқилади.

Йиғилиш якунида Остона декларацияси ҳамда иқтисодиёт, хавфсизлик, экология, энергетика, туризм ва бошқа кўплаб йўналишларда шерикликни кенгайтириш бўйича ҳужжатлар қабул қилиниши режалаштирилган.

ЎзА