Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице Президенти ва Марказий Осиё футбол ассоциацияси Президенти Умид Аҳмаджоновнинг ташаббуси билан жорий йилнинг 3-10 июль кунлари пойтахтимиз биринчи маротаба минтақа чемпионатига мезбонлик қилади.
16 ёшгача бўлган футболчилардан ташкил топган Ўзбекистон, Тожикистон, Афғонистон ва Қирғизистон терма жамоалари Тошкентдаги “Миллий“ ҳамда “Локомотив” стадионларида ташкил этилаётган “CАФА У-16 чемпионшип” мусобақасида куч синашишади.
Шунингдек, мусобақа давомида Марказий Осиёдаги камида “В“ тоифага эга бўлган мураббийлар учун ўқув курслари ҳам ташкил этилади. Бу курсларда Марказий Осиё футбол ассоциациясига аъзо мамлакатларнинг икки нафардан вакили ҳамда ўзбекистонлик вакиллар иштирок этишади. Ўқув курсларини ОФК йўриқчиси Ислом Аҳмедов ва ОФК техник қўмитаси аъзоси Шавкат Имамовлар олиб боришади.
“Марказий Осиё мураббийлари учун бу каби ўқув курслари Ўзбекистонда биринчи марта ташкил қилинмоқда. Бундан мақсад, нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада футболнинг ривожланишига ҳисса қўшиш, мураббийлар малакасини ошириш, футбол ривожини янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Ишончим комилки, бу каби саъй-ҳаракатлар албатта ўз самарасини беради“, – дейди Марказий Осиё футбол ассоциацияси Президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов.
Мазкур спорт тадбирида қатнашувчи барча терма жамоалар Тошкентга етиб келишди. Уларни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда ЎФА мутахассислари ҳамда бир гуруҳ футбол мухлислари кутиб олишди.
Ўйинлар тақвими:
5 июль
17:00. “Миллий” стадион. Афғонистон – Ўзбекистон
20:00 . “Миллий” стадион. Қирғизистон – Тожикистон
7 июль
17:00. “Миллий” стадион. Ўзбекистон – Қирғизистон
20:00. “Миллий” стадион. Тожикистон – Афғонистон
9 июль
16:45. “Локомотив” стадиони. Тожикистон – Ўзбекистон
20:30. “Локомотив” стадиони. Афғонистон – Қирғизистон.
Ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Усмон Тошев терма жамоага номзод футболчилар билан ўқув-машғулот йиғини ўтказди. Йиғинга эса қуйидаги номзодлар жалб этилди:
Дарвозабонлар: Мўминмирзо Қодиров (“Бунёдкор”, Шукрон Йўлдошев, Ҳамидилло Абдунабиев (иккаласи ҳам “Пахтакор”дан).
Ҳимоячилар: Сардор Абдурашидхўжаев, Хуршид Убайдуллаев, Муҳаммадюсуф Носиров (барчаси “Бунёдкор”дан), Алибек Давронов (“Насаф”), Дониёр Собиров, Фозил Пиримқулов (иккаласи ҳам “Пахтакор”дан).
Ярим ҳимоячилар: Абдурауф Бўриев, Диёрбек Раҳимкулов, Жасурбек Жалолиддинов, Жалолиддин Содиқов, Мироншоҳ Сатторов, Фарруҳ Ҳожибеков, Жавоҳир Рўзиев (барчаси “Бунёдкор”дан), Диёр Холматов, Аброр Саримсоқов, Қўшназар Қўшназаров (учаласи ҳам “Пахтакор”дан).
Ҳужумчилар: Темур Мамасиддиқов, Игорь Чекризов, Руслан Рўзиев (учаласи ҳам “Пахтакор”дан), Фарруҳбек Мухторов (“Бунёдкор”), Хусайн Норчаев (“Насаф”),
Ҳабибулло Матёқубов (“Хоразм”)
Ойбек Юнусов, ЎзА