Президент Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳар бир маҳалладаги ҳақиқий аҳвол ўрганилди, туманлар кесимида дастур ишлаб чиқилди.
Тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилиши белгиланди.
Президент мутасаддиларни огоҳлантириб, энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини алоҳида таъкидлади.
Йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмагани қайд этилди. Чунки баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган.
Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди.
Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.
ЎзА