Ўзбекистон Президенти Россия Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосарини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 август куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси Ҳукумати раисининг биринчи ўринбосари Игорь Шуваловни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни қутлар экан, И.Шуваловни Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг Россия томонидан раиси этиб тайинлангани билан самимий табриклади.

Президентимизнинг шу йил 4-5 апрель кунлари Россия Федерациясига давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни тўла амалга ошириш, шунингдек, иқтисодиётнинг турли соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги дастур ва лойиҳаларини ҳаётга самарали татбиқ этишда Комиссия муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Ҳозирги пайтда ўзаро муносабатлар жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда – шу йилнинг етти ойи давомида товар айирбошлаш ҳажми 14 фоизга ўсиб, 2,6 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бунда экспорт ва импортнинг барча асосий йўналишлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Июль ойидан Россия бозорига мева-сабзовот маҳсулотларини етказиб беришда «яшил коридор» тизими тўлақонли фаолият кўрсата бошлади.

Россиянинг етакчи компаниялари ва банкларини жалб қилган ҳолда, устувор инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликда фаол иш олиб борилмоқда.

Нефть-газ мажмуасидаги геология-қидирув ишларини амалга ошириш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, бунда углеводород хомашёси қазиб олишни кўпайтириш, Қандим газни қайта ишлаш ва Жиззах нефтни қайта ишлаш заводларини қуриш, соҳа корхоналарини модернизация қилиш, шунингдек, газ ва нефть етказиб бериш бўйича йирик лойиҳалар шулар жумласидандир.

Металлургия соҳасида «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш, мис бойитиш мажмуасини қуриш ва Тошкентда металлургия заводи барпо этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошланди.

Машинасозлик, автомобилсозлик, электротехника, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, туризм ва бошқа кўплаб соҳаларда, шунингдек, мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида кичик бизнес субъектларини фаол жалб қилган ҳолда кооперация алоқалари кенгайиб бормоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида мингга яқин корхона фаолият юритмоқда, Россиянинг 60 компанияси ваколатхоналари рўйхатдан ўтган.

Ижтимоий алоқалар ривожланмоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, маданият ва санъат соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда мамлакатларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва юқори технологияли соҳаларда янги истиқболли дастурларни тайёрлашни жадаллаштириш масалалари батафсил муҳокама қилинди.

Меҳмон давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ва Ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Ҳукумат раисининг биринчи ўринбосари Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикаси билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳидаги кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга тайёр эканини таъкидлади.

 

Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА