Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида кўзда тутилган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, шу жумладан, миллий иқтисодиётнинг мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш, унинг глобал ишлаб чиқариш
ва қўшилган қиймат занжирига интеграциясини янада чуқурлаштириш, эркин бозор тамойилларини амалда татбиқ этишни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигига эришишни жадаллаштириш мақсадида:

1. Қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинсин:

а) 2025 йил 1 январдан бошлаб:

“Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;

“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;

“Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;

“Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё
ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

б) 2026 йил 1 июлдан бошлаб:

“UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;

“Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

2. Белгилансинки, 2025 йил 1 январдан бошлаб:

қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади;

мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдоси тартибини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

Рақамли технологиялар вазирлиги 2024 йил 1 октябрга қадар ахборот ва миллий хавфсизликнинг тўлиқ таъминланишини назарда тутган ҳолда телекоммуникация операторларининг синов тариқасида халқаро Интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиши ва босқичма-босқич бошқа операторларга халқаро Интернет каналларини ташкил этиш бўйича хизматларни кўрсатиш тартибини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

3. 2026 йил 1 январдан бошлаб биржа савдоларида сотиб олинган мис катоди ва мис катанкасини экспорт қилишга чекловлар бекор қилинсин. Бунда мис катоди ва мис катанкаси экспорти қуйидаги шартлар асосида амалга оширилиши белгилансин:

экспортга йўналтириш мақсадида биржа савдоларида харид қилинган мис катоди ва мис катанкаси харид нархига белгиланган чегирма ҳамда хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан тўловни кечиктириш имтиёзи қўлланилмайди;

мис катоди ва мис катанкасини “экспорт” божхона режимига жойлаштириш учун унинг экспортга йўналтирилган ҳажмига нисбатан биржа савдолари харид нархига қўлланилган чегирма суммаси қайтарилганлиги ҳамда тўловнинг кечиктирилган қисми тўлиқ тўланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг маълумотномаси тақдим этилиши шарт.

4. Транспорт вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 сентябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

2024 йил 1 октябрдан бошлаб босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиётини бекор қилиш;

темир йўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифларни 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштириш.

5. 2026 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинадиган корпоратив буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган харидларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилган имтиёзлар ва преференциялар, шу жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан импорт товарларининг DDP (Ўзбекистон) нархидан 15 фоиздан кўп бўлмаган миқдордаги преференцияси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган электротехника ва электромаиший маҳсулотларга нисбатан 20 фоизгача нарх преференцияси бекор қилинсин.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2024 йил 1 ноябрга қадар ушбу банддан келиб чиқиб, тегишли қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Белгилансинки, давлат харидларини амалга оширишда соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида 2025 йил 1 январдан бошлаб:

бюджет буюртмачилари томонидан, шу жумладан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан тузиладиган шартномалар бўйича тўловлар тегишли тартибда Ғазначилик хизмати бўлинмаларида рўйхатдан ўтказилгандан (ҳисобга олингандан) сўнг амалга оширилади;

давлат буюртмачилари бўлган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари зиммасига давлат харидларини амалга оширишда соҳага оид қонунчилик ҳужжатларига қатъий риоя этилиши, шунингдек, давлат харидларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш учун шахсий жавобгарлик юкланади;

белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари (ишчи лойиҳа, иш ҳужжатлари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) мавжуд бўлмаганда ёки лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш қурилиш-монтаж ишлари билан параллел равишда олиб борилганда, консолидациялашган бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, давлат банклари ва давлат иштирокидаги корхоналар ҳисобидан харажатларни амалга ошириш ва ишларни бажариш тақиқланади.

7. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда этил спирти импорти операцияларини Жаҳон савдо ташкилоти битимлари қоидалари асосида тартибга солиш юзасидан 2024 йил 1 сентябрга қадар Вазирлар Маҳкамасига таклифларни киритсин.

8. Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Субсидиялар ва компенсация чоралари тўғрисидаги битимига (ASCM) мувофиқлаштириш мақсадида 2024 йил 1 октябрга қадар:

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилаётган субсидия ва преференцияларни, шу жумладан, товарларни (хизматларни) экспортга реализация қилишдан олинган даромадлар бўйича фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, транспорт харажатларини қисман қоплаб беришга оид имтиёзларни 2025 йил 1 январдан бекор қилишни, шунингдек, ЖСТ қоидалари билан таъқиқланмаган қўллаб-қувватлаш чораларини;

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда самараси паст бўлган солиқ ва божхона имтиёзларини 2025 йил 1 январдан бекор қилишни назарда тутувчи тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилинадиган ва ишлаб чиқариладиган акциз солиғи тўланадиган товарлар учун акциз солиғи ставкаларини қуйидаги энг охирги муддатларгача босқичма-босқич бирхиллаштирсин:

2026 йил 1 январь – тамаки маҳсулотлари учун;

2027 йил 1 январь – алкоголь маҳсулотлари ва шакар учун.

10. Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Савдо билан боғлиқ инвестиция чоралари тўғрисидаги битимга (TRIMs), шу жумладан, маҳаллийлаштириш ёки экспорт қилиш бўйича мажбуриятларни қўлламаслик талабларига мослаштириш мақсадида 2024 йил 1 августга қадар:

Энергетика вазирлиги Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган барча маҳсулот тақсимотига оид битимларнинг тўлиқ хатловини;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан имзонланган барча инвестиция битимлари хатловини якунига етказсин ва уларнинг якунлари бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

11. Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган божхона божи, йиғимлари ва қийматини Жаҳон савдо ташкилотининг Тарифлар ва савдо бўйича бош битими (GATT 1994) талабларига мослаштириш мақсадида:

2025 йил 1 январдан бошлаб жорий этиладиган божхона йиғимларининг фискал мақсадларда ундирилмаслиги белгилансин;

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда айрим турдаги товарларни экспорт қилишда ундириладиган йиғимларни қайта кўриб чиқиб, 2024 йил 1 августга қадар тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Божхона қўмитаси 2024 йил 1 августга қадар божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларнинг божхона қийматини аниқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

12. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Ж.Ходжаев) 2024 йил 1 августга қадар:

савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими (MFN) назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларини қўллаш бўйича амалдаги қонунчиликни қайта кўриб чиқиб, унинг самарадорлигини ошириш юзасидан таклифларни;

импорт божхона божлари ставкаларининг қўлланилиши самарадорлигини ошириш ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида амалдаги божхона тарифларини Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасининг 2022 йилги таҳририга мувофиқлаштириш бўйича қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссиянинг Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги битими (SPS Agreement) талабларидан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси марказий аппаратида 3 та штат бирлигидан иборат санитария ва фитосанитария чоралари бўйича Ахборот марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Бунда Ахборот марказига 2 та штат бирлиги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг биттадан штат бирлигини мақбуллаштириш ҳисобига ажратилиши белгилансин.

14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 1-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

15. 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

16. Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Ходжаев ва Ж.А.Қўчқоров:

мазкур фармон ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб белгилансин;

ҳар ой якуни билан амалга оширилаётган ишларни Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия йиғилишларида биргаликда муҳокама қилиб борсин.

18. Мазкур фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

                   Ўзбекистон Республикаси 

                              Президенти                                                          Ш. МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2024 йил 3 июнь