Япониянинг Кобе шаҳрида ўтган пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўз якунига етди.
Дунёнинг 103 та мамлакатидан мингдан ортиқ пара атлет иштирок этган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 7 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза, жами 13 та медал жамғариб, умумжамоа ҳисобида Буюк Британия, АҚШ, Германия, Ҳиндистон ва Эрон каби етакчи давлатларни ортда қолдирган ҳолда учинчи ўринни эгаллади.
Таъкидлаш керакки, бу Ўзбекистон Паралимпияси тарихида биринчи бор содир бўлмоқда.
Таққослаш учун, терма жамоамиз бундан аввалги 2 та жаҳон чемпионатида 10- ва 9-ўринларни эгаллаган эди.
Бундан ташқари,Нурхон Қурбонова ҳамда Асила Мирзаёрова ўз йўналишларида жаҳон рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.
Жаҳон чемпионатида Қудратуллахон Маъруфхўжаев ядро ва диск улоқтиришда, Ҳусниддин Норбеков ядро улоқтиришда, Нурхон Қурбонова найза улоқтиришда, Асила Мирзаёрова узунликка сакрашда, Ёқутхон Холбекова узунликка сакрашда ва Сафия Бурханова ядро улоқтиришда олтин медалга эга чиқди.
Бобуржон Омонов ядро улоқтириш, Дилафрўз Аҳмадхонова ядро улоқтириш,
Кубаро Ҳакимова – ядро улоқтириш, Моҳигул Ҳамдамова диск улоқтириш баҳсларида кумуш медалга сазовор бўлди.
Маъруфжон Муродуллоев 400 метрга югуриш бўйича, Нурхон Қурбонова ядро улоқтиришда бронза медали билан тақдирланди.
Паралимпиячиларимизнинг бу ғалабалари замирида мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларга қаратилаётган улкан эътибор ва уларнинг спорт билан шуғулланишлари учун яратилган кенг имкониятлар ётибди.
Умид қиламизки, бу ғалабалар “Париж-2024” Олимпия ўйинларида ҳам давом этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА