Ўтаётган ҳафта яна икки давлат Исроилдан юз ўгирди. Биринчиси – 2 майдан Исроил билан дипломатик муносабат узилишини маълум қилган Колумбия. Ушбу мамлакат Президенти Густаво Петро Исроил ҳукуматини Ғазо секторида геноцидга йўл қўйганликда айблаб келади. У Халқаро суднинг январ ойидаги йиғилишда айни мазмунда нутқ ҳам сўзлаган.
“Bloomberg” Туркия ҳам 2чи майдан Исроил билан ҳар қандай савдо алоқасини тўхтатгани, Анқара Ғазодаги хунрезлик сабаб Исроилга муайян маҳсулотлар учун чеклов жорий қилганини ёзган. Нетаньяҳу ҳукумати эса Қўшма Штатларга ишониб, қарши санкция билан қўрқитган.
Ҳозир Ғазодаги Рафоҳ шаҳарчаси энг хавфли ҳудудга айланган. Исроил ХАМАС 40 кунлик ўт очиш келишувига рози бўлмаса, Рафоҳга ҳужум қилиш билан таҳдид қилиб келаётган эди. Ҳафта охирига келиб Тель-Авив гуруҳга ўт очишни тўхтатиш бўйича ультиматум қўйди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таъкидлашича, Ғазони тиклаш 40 миллиард долларга тушади, ҳудуддагидек вайронагарчилик кўлами иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилмаган. БМТ Тараққиёт Дастури Исроил – Ғазо уруши Фаластин иқтисодиёти кескин орқага кетишига сабаб бўлганини маълум қилган. Тузилма масъуллари фикрича, тўқнашув тез орада тўхтамаса, 2024 йил ишлаб чиқариш урушдан олдинги даражадан уч баробар камайиб кетиши мумкин.
Низо яна 9 ой чўзилса, Фаластин бўйлаб қашшоқлик 60 фоиздан ошади. Ушбу инқироз қашшоқ яшаётганлар сонини 1,86 миллион нафарга етказиши мумкин. БМТ ҳисоботида можаро инсоният тараққиётини 20 йилдан кўпроқ орқага суриши таъкидланган.
Россия уруш қоидасини бузди(ми?)
Россия – Украина тўқнашуви янги босқичга кирмоқда. Зеленский шундай деди. Унинг айтишича, Россия режасига қарши иш олиб борилмоқда.
Иттифоқчи Франция ва Буюк Британия Украинани олға чорламоқда. Макрон керакли вазиятда франциялик аскарлар русларга қарши жангга киришини яширмаяпти, Дэвид Кемерон эса Британия қуролидан фойдаланиш Киевнинг қонуний ҳуқуқи эканини “эслатди”.
Қўшма Штатлар Россия уруш қоидасини бузгани, яъни заҳарли хлоропикрин моддасидан қурол сифатида фойдаланганини даъво қилмоқда. Иккинчи жаҳон урушида ҳам ишлатилган ушбу суюқ моддани урушда ишлатиш 1993 йил қабул қилинган Кимёвий қуроллар тўғрисидаги конвенция билан тақиқланган.
Швейцария 160 дан ортиқ давлатни июнь ойида бўлиб ўтадиган тинчлик саммитига таклиф қилди. Ташкилотчилар Россияни ҳам чақирган, аммо Кремль матбуоти ушбу конференциядан жиддий натижа кутилмаётгани, умид йўқлигини ва Москва йиғилишда иштирок этмаслигини билдирган.
“Катта еттилик” мамлакатлари Россиянинг суюлтирилган газига импорт чеклови киритиш юзасидан музокара бошлади.
Сўнгги вақтда Россия газини Бельгия, Германия, Швеция сингари Европа мамлакатлари рад этмоқда.
Глобал иқтисодиётда бойиб бораётган давлатлар Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) жаҳон иқтисодиёти жорий йил 3,1, 2025 йил эса 3,2 фоиз ўсишини башорат қилмоқда. Бунга сабаб сифатида ташкилот АҚШ ва Хитой иқтисодий кўрсаткичи кутилганидан юқори даражага кўтарилишини кўрсатмоқда.
– Ўсиш мўътадиллигича қолаётган бўлса-да, глобал вазиятда бир неча яхши сигнал бор, – дейилган ташкилот баёнотида. – Уй-жой ва кредит бозорида ўсиш бор, бироқ глобал фаоллик нисбатан барқарор ҳолатни кўрсатмоқда. Инфляция дастлаб башорат қилинганидан тезроқ пасаймоқда.
ИҲТТ таъкидлашича, Европа ва бир неча паст даромадли мамлакатда секинроқ, АҚШ ва кўплаб ривожланаётган давлатлар иқтисодиётида кучли ўсиш кутиляпти. АҚШ бу йил 2,6, 2025 йил 1,8 фоиз ўсади. Хитой эса 2024 йил 4,9, келгуси йил 4,5 фоиз ўсишга эришади. Европа давлатлари жорий йил 0,7, 2025 йил 1,5 фоиз ижобий фарқ қайд этиши мумкин.
Хитойнинг Ойни забт этишдан мақсади нима? Хитой “Чане-6” номли зондини Ойнинг орқа томонига учирди. Бундан кўзланган мақсад – тупроқ намунасини тўплаш ва Ерга етказиш. Миссия 3 ойгача давом этиши мумкин. Вазифанинг қийинчилиги шундаки, Ойнинг орқа қисми ҳеч қачон Ердан кўринмайди.
Сардорбек Поёнов, Искандар Исмат, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.