Аргентинанинг ҳужуми кўпроқ ҳинд киноларини эслатиб юборади. Чунки Болливуд киноларида ҳам сюжет асосан битта қаҳрамонга боғланиб қолади.
Режалаштирилмаган ҳимоя. Жаҳон чемпионатида кучсиз жамоа бўлмайди. Шундай экан унга тайёр бўлиб бориш талаб этилади. Аммо шу даражага жавоб бера оладиган футболчилар бўлмасачи? Хусусан, меъёрга жавоб берадиган ҳимоячилар йўқ бўлса. У ҳолда изланиш керак. Бошқачароқ режалар тузиш керак. Масалан, рақибни жарима майдончаси яқинига йўлатмаслик лозим. Бу эса ярим ҳимоядаги мукаммалликка боғлиқ. Аргентиналиклар саралаш баҳсларидаёқ кучли ҳимояга эга эмасликларини исботлаб бўлишган эди. Боиси терма КОНМЕБОЛдаги 18 та учрашувнинг ўзидаёқ 14 бор тўп олиб чиқишганди ўз дарвозаларидан. Ҳимоя ана ўша жараёнда шакллантирилиши керак эди. Аммо Сампаоли бу жиҳатга эътибор қаратмаган кўринади.
Дарвозабон. Мундиал арафасида дарвозабон Серҳио Ромеронинг жароҳат олиши терма жамоа учун энг катта йўқотиш эди. Кеча ҳамма муҳлислар Пеп Гвардиола Кабалерони нима сабабдан “Челси”га қўйиб юборганини тушуниб етди. Дарвозабон кучсиз бўлса, ҳимоячилар ишончли ҳаракат қилишига тўғри келади. Ҳимоячилар қачон хато қилади, албатта, рақиб кучли босим қилганда. Мураббий мана шу тарафларига ҳам эътибор қаратмаган. Жанубий америкаликлар Виллйга ишониб қолишди.
Марказдаги заифлик. Футбол – жамоавий ўйин. Шундай экан, ҳар бир нуқтада энг яхши футболчилар ҳаракат қилишилари шарт. Лекин мураббий кўпроқ ҳужумни ўйлайдиганлардан. Ваҳоланки, ҳужум асоси марказдан олинади. Агар у кучсиз бўлса, жамоанинг гол урадиган қисми яхши ишламайди эмас, умуман ишламайди. Сампаоли “Барса”нинг асосий кучи марказда экани, фақат Мессида эмаслигини мундиал якунлангандан сўнг англаб етса ҳайрон қолмайман. “Барселона”да Серҳио Бускетс рақиб ҳужумини қайтариш учун хизмат қилади. Ана ўша позициядаги устунлик, рақибни эсанкиратиб қўяди. Хорхеда эса бу нуқтада пичоққа илинадиган футболчи йўқ. Ахир чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, дейдилар.
Мессига боғланганлик. Балки бу ютуқдир. Аммо ўтган иккита ўйин буни камчилик эканини исботлаб турибди. Аргентинанинг ҳужуми менга кўпроқ ҳинд киноларини эслатиб юборади. Чунки Болливуд киноларида ҳам сюжет асосан битта қаҳрамонга боғланиб қолади.
Бу эса баъзан маънисизликка олиб келади. Голливудда эса исталган образ асосий планга чиқаверади. Шунинг учун ғарб киноларида турли хил маънолар келиб чиқаверади. Агар Агуеро таркибда иккита бўлса терма ютарди, аммо ҳозир Мессининг биттадан ортиши муқаррар мағлубият дегани. Ярим ҳимоячилар ҳужумга чиққан пайтда Леони ахтариб қолишяпти. Мессининг “баррикада жанглари”да қатнашаётганидан фойдаланиб, гол киритиш ўрнига тўпни унга узатишмоқда. Натижада тўп йўқотиляпти. Жамоа айнан мана шу вазиятда қийинчиликка юз тутяпти. Балки Мессини сал орқароққа қўйиб, олдинга учта – Агуеро, Дибала, Игуаинни чиқарганда тўғри иш бўлармиди. Шунда бошқа футболчиларга ҳам бўш зоналар очилиб қоларди. Агар бир кун олдин ўз ўйинини ўтказган Испанияда шундай ҳужумчилар бўлганда Эронга қарши, албатта, ушбу учликни ташлаган бўларди. Йирикроқ ҳисобда, қийинчиликсиз енгарди форсларни. Олдингдан оққан сувни қадри йўқ – ҳақ гап!
Заҳира. Мен ҳамма термалар ўзларининг якуний таркибларини эълон қилишган пайтда ушбу жамоанинг заҳирасини кўриб ҳайратда қолдим. 2014 йилдаги таркиб асосига қурилган. Шунингдек, “А” серия тўпурари Икардининг чемпионатга олиб кетилмаслиги соғ мураббийнинг иши эмас. Унинг устига таркиб қариялардан таркиб топган.
Нотўғри тактика. Диего Марадона бир неча кун олдин Сампаолининг тактикаси қандай эканини тушуниб ета олмаётганини айтганда, кўпчилик танқид қилганди уни. Лекин Армандонинг айтганича ҳам бор экан, Хорҳенинг тактикаси қанақа ўзи? 2/2/1/3/2 ми ёки 4/1/1/2/2 ми? Хуллас тушуниб бўлмайди. Аммо у мағрур!
Мураббий. Асосий муаммо. У Аргентинанинг бошқа мураббийлари сингари қўрқоқ. Боиси у ҳам жамоани Месси атрофида қурган. Термада Леони айтгани – айтган, дегани – деган. Усиз қарор қабул қилинмайди. Мауро Икарди бунга яққол мисол.
Вазият қандай? Ҳозирда Хорватлар 6 очко билан “Д” гуруҳида етакчилик қилишмоқда. Аргентинада – 1, Исландияда ҳам – 1, Нигерияда эса – 0 очко бор. Бугун Исландия – Норвегия ўйинидаги натижа Жанубий америкаликларнинг “тақдири”ни белгилаб беради. Агар Исландия ғалаба қозонса, у ҳолда кейинги 3-тур барчасини ҳал қилади. Нигерия ютса, Аргентина охирги турда Африка вакилини йирик ҳисобда енгиши керак бўлади. Дуранг бўлса ҳам шундай. Шунингдек, Хорватия ҳам викинглар устидан ғалаба қозониши керак бўлади. Хуллас, вазият ҳам Сампаолининг тактикаси сингари ўта тушунарсиз ва мавҳум.
Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА