Ким нима деса десин, Германияни мағлуб бўлишини-ю, Бразилияни очко йўқотишини биров кутмаганди.
Россияда ўтаётган Жаҳон чемпионатининг 4-кунги ўйинлари чинакамига шов-шувларга сабаб бўлди. Мундиалнинг амалдаги чемпиони Германияни ростдан ҳам Мексикага мағлуб бўлишини анча-мунча одам кутмаганди, Бразилиянинг эса Швейцарияга очко тақдим этиши ҳам кўпчиликни таажжублантиргани бор гап.
Гуруҳда яққол фаворит Бразилия эканлиги қуръадан кейиноқ маълум бўлганди. Биринчи тур доирасидаги Коста Рика ва Сербия термалари учрашуви натижалари, айниқса, ўзбекистонлик мухлислар учун сезиларли аҳамият касб этганича йўқ. Лекин Жаҳон чемпионатига бефарқ бўлмаган ишқибозлар бу ўйинни ҳам кузатишди. Деярли тенг курашлар остида ўтган учрашувда сербияликларнинг ягона голи учрашув тақдирини ҳал этди. Мазкур ғалаба 1-турдан кейин Сербия термасининг гуруҳ етакчиси бўлиб олишини ҳатто сербияликларнинг ўзлари ҳам кутишмаган бўлса керак.
Бразилия… Жаҳон чемпионатининг кўп карра чемпиони, совринларни қўлга киритиш бўйича етакчилардан бири, беш-олти жаҳон чемпионатини ғалаба билан бошлаб келаётган бразилияликлар кутилмаганда очко йўқотишди. Филиппе Коутиньо учрашувнинг 20-дақиқасида гол киритганида барчаси ҳал бўлди, деб ўйлашганди. Пеле ҳамюртларининг биринчи бўлимдаги шаштларининг юқорилиги голлар сони янада ортишидан дарак бераётганди. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади. Бунга бразилияликларга омад етишмагани, Неймарнинг ўйини қовушмагани ва албатта, швейцарияликларнинг ўйин охиригача курашгани сабаб бўлди. Стивен Цубернинг иккинчи бўлим бошларида киритган голи учрашув тақдирини ҳал этиши ўша дақиқаларда ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди. Швейцария битта бўлса-да очко олишга ҳақлидек эди. Йигитлар майдонда борини беришди, яратилган бир неча вазиятларда уларга аниқлик етишмади, акс ҳолда ҳатто ғалаба қозонишлари ҳам мумкин эди…
“Е” гуруҳи. 1-тур. 17 июнь.
КОСТА РИКА – СЕРБИЯ (0:1) “Самара арена” стадиони.
Бош ҳакам: Маланг Диедхиу (Сенегал).
Коста Рика: Кейлор Навас, Жонни Акоста, Жанкарло Гонсалес, Оскар Дуарте, Франциско Кальво, Кристиан Гамбоа, Сельсо Борхес, Брайан Руис, Давид Гусман (Даниэл Колиндрес, 74), Хоан Венегас (Кристиан Боланьос, 60), Маркос Уренья (Жоэл Кэмпбелл, 67).
Сербия: Владимир Стойкович, Душко Тадич, Бранислав Иванович, Александр Коларов, Никола Миленкович, Душан Тадич (Антонио Рукавина, 83), Лука Миливоевич, Сергей Милинкович-Савич, Неманья Матич, Адем Льяич (Филипп Костич, 70), Александр Митрович (Александр Прийович, 89).
Гол: Александр Коларов (56).
Огоҳлантириш: Франциско Кальво (22) – Бранислав Иванович (60).
БРАЗИЛИЯ – ШВЕЙЦАРИЯ (1:1) “Ростов арена” стадиони.
Бош ҳакам: Сезар Рамос (Мексика).
Бразилия: Алисон Бекер, Тьяго Силва, Миранда, Марсело, Данило, Касемиро (Фернандиньо, 60), Филиппе Коутиньо, Паулиньо, Виллиан, Габриэл Жезус (Фирмино, 80), Неймар.
Швейцария: Ян Зоммер, Стефан Лихтштайнер (Ланг, 87), Мануэль Аканжи, Рикардо Родригес, Фабиан Шер, Гранит Жака, Валон Бехрами (Закария, 71), Стивен Цубер, Блерим Жемайли, Шердан Шакири, Харис Сеферович (Эмболо, 80).
Гол: Коутиньо (20) – Цубер (50).
Огоҳлантиришлар: Касемиро (47) – Лихтштайнер (31), Шер (65), Бехрами (68).
“Ғ” гуруҳи. 1-тур. 17 июнь.
Нафақат турнинг, балким гуруҳ ўйинларининг, ким билади, ҳатто чемпионатнинг чинакам шов-шувли воқеаси амалдаги чемпионларнинг мағлубиятга учрашлари бўлди. Крооснинг омади чопмади, Мюллернинг ўйини қовушмади, Ўзил эса деярли кўринмади ҳам. Аксинча, мексикаликлар “отга қамчи босишди”. Мексика термасининг ҳар бир аъзоси майдонга ҳаёт-мамот дея тушишди, ҳеч ким Жаҳон чемпионларидан қўрқишмади. Ростда, жамоани ҳатто 80 ёшдан ошган мухлис ва мухлисалари стадионнинг ўзида қўллаб-қувватлаб тургандан кейин. Терма жамоасига етмиш йилдан буён муҳлислик қилаётган, айни пайтда 82 ёшни қаршилаган Патрисия хоним футболчиларини қўллаб-қувватлаш учун Россияга етиб келганига нима дейсиз? “Лужники” стадионида бўлиб ўтган учрашувда ягона голни ўйиннинг 35-дақиқасида Ирвинг Лосано урди.
ГЕРМАНИЯ – МЕКСИКА (0:1) Москва. “Лужники” стадиони.
Бош ҳакам: Алиризо Фағоний (Эрон).
Германия: Нойер, Боатенг, Платтенхардт (Гомес, 79), Киммих, Хуммельс, Хедира (Ройс, 60), Кроос, Ўзил, Дракслер, Вернер (Брандт, 86), Мюллер.
Мексика: Очоа, Морено, Айяла, Сальседо, Лайюн, Эррера, Гальярдо, Вела (Альварес, 58), Гуардадо (Маркес, 74), Лосано (Хименес, 66), Эрнандес.
Гол: Лосано (35).
Огоҳлантиришлар: Мюллер (83), Хуммельс (84) – Морено (40), Эррера (90).
Ойбек Юнусов
ЎзА