Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишиш, янги корхоналар қурилишига старт бериш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини муҳокама қилиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Биринчи манзил Фориш туманидаги “Basalt Uzbekistan” кластери бўлди.

Фориш ҳудуди бўйича вилоятда энг катта туман. Лекин ердан фойдаланиш самарадорлиги анча паст эди. Адир ва яйловларда, асосан, чорва боқилиб, саноат корхонаси йўқ эди.

Етти йил аввал Форишга саноат кириб келди – Олмоссой конидан базальт тошини қазиб олиб, ундан тола тайёрлаш йўлга қўйилди. Ноёб, инновацион технология асосида қурилиш саноати учун муҳим бўлган арматура ва сеткалар ишлаб чиқарила бошланди.

Давлатимиз раҳбари 2019 йил январь ойида бу корхонага ташриф буюриб, унинг фаолиятни янада кенгайтириш, маҳсулотлар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди.

Шу асосида бозордаги талаб, хомашё олинадиган конлар ўрганилди. Германия, Франция, Италия, Чехия каби давлатлардан энг замонавий технологиялар келтирилди. Натижада 300 гектар майдонда умумий қиймати 498 миллион долларлик олтита лойиҳа ташкил этилиб, корхона кластерга айланди.

Давлатимиз раҳбари хомашё тошлари ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

Кластерда йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола, директ ровинг, фибра, арматура, композит геосетка, қувурлар, мато ва иссиқлик-изоляция плиталари каби 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, ўтган йили 45 минг тонна 554 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланган. Уларга дунёда талаб юқори. Маҳсулотларнинг 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Чехия, Грузия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинган.

Кластерда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.

Мутахассисларнинг айтишича, базальтдан тайёрланган қурилиш материаллари зангламайди. Енгил, лекин мустаҳкам. Бетон қоришмаларининг ишқорли муҳитига, тузли ва кислота аралашмаларига чидамли. Деворга базальт материали ишлатиш мустаҳкамликни оширади, бинода иссиқликни яхши сақлайди. Ёнувчан эмаслиги яна бир муҳим томони. Шу билан бирга, маҳсулот нархи ҳам нисбатан арзон.

Ушбу маҳсулотларни коммунал хўжалиги, автомобилсозлик, тўқимачилик, нефть-газ ва бошқа тармоқларда қўллаш бўйича тақдимот қилинди.

Президентимиз бунинг афзалликларини тадбиркорларга тушунтириш, уларнинг ўзаро ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича кўрсатма берди. Янги давлатларга сифат сертификатлари олиб, ташқи бозорга чиқишни янада фаоллаштириш, халқаро қурилиш ва саноат компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Келгуси йил кластернинг корхоналаридан бири – “Басфибер трейд” томонидан йилига 25 минг тонна базальт тошидан тола ва мато ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Ҳозирги пайтда 145 миллион долларлик зарур ускуналар келтирилган. Бу янги лойиҳа асосида ишлаб чиқарилган маҳсулот ички эҳтиёжни қоплаш билан бир қаторда, 90 фоизи экспортга йўналтирилади.

Мутасаддиларга шу ернинг ўзида 500 миллион долларлик, қўшилган қиймати юқори бўлган 20 турдаги янги лойиҳаларни жойлаштириш вазифаси қўйилди. Натижада қўшимча 2 мингта иш ўрни пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидов туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди.

Вилоятда илгари ҳеч бундай кенг кўламли қурилишлар бўлмаган эди. Сўнгги йилларда ўнлаб заводлар ишга туширилди, янги саноат тармоқлари пайдо бўлди. Шунга яраша ижтимоий инфратузилма ҳам барпо этилмоқда.

Шароф Рашидов туманининг бу ҳудуди адир ёнбағри, ундан деярли фойдаланилмас эди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгилик.

Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. “Иннотехнопарк” аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади.

Иккинчи босқич 2026, учинчиси 2028 йилларга режа қилинган. Бунда уйлардан ташқари маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, “Янги Ўзбекистон” боғи барпо этилади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.

Давлатимиз раҳбари бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Жиззах вилоятида учта шундай массив барпо этилмоқда. Уларда 4 минг 700 хонадонга эга 156 та кўп қаватли уй қурилади. Аҳоли барча ижтимоий хизматлар билан таъминланади. “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриш ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ бошланган. Умуман, мамлакатимизда 53 та массивда бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 14 минг 400 та хонадонли 409 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. Жорий йилда бундай массивларда 31 минг 447 та хонадондан иборат 767 та турар жойлар қурилиши белгиланган.

Президент Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов туманидаги Туёқли маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити ва даромадлари билан қизиқди.

Маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имкониятлардан бири томорқадан фойдаланишдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида катта имкониятлар белгиланди.

Бундай омилкорликни Туёқли маҳалласида ҳам кўриш мумкин. 678 та хонадоннинг деярли ҳаммасида томорқа бор. Уларнинг жами майдони 36 гектар. Мевали дарахтлар, ток ва сабзавотлар яхши ҳосил беради. 314 та хонадондаги иссиқхоналарда полиз экинлари ва гул кўчатлари етиштирилади.

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Абдумўмин Каримов хонадонини кириб кўрди.

Уйнинг томорқаси 12 сотих, шундан 7 сотихида иссиқхона барпо этилган. Бундан ташқари, чорва, товуқ, асалари боқилади. Хонадон эгаси рўзғорбоп экинлар етиштириб, йилига 200 миллион сўмдан зиёд даромад олаётганини сўзлаб берди.

– Ўртача маҳалладаги шу оддий хонадон мисолида кўраяпмизки, оиланинг ўзида ҳаракат бўлса, яхши даромад топса бўлади. Аҳоли ихтиёрида томорқалар, ундан фойдаланаман деган инсонлар ҳам кўп. Фақат уларга ёрдам бериш керак. Масалан, маҳаллий корхоналарни жалб этиб, иссиқхона қурилмалари, воиш, асалари уяси, кўчат, уруғлик ва озуқаларни яхлит тўплам қилиб, арзон нархда етказиб бериш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу ерда «маҳалла еттилиги» билан суҳбатлашди. Жойлардаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали оилаларнинг даромадини, харид қобилиятини ошириш ҳақида сўз юритилди. Бу уларнинг ҳаёт сифатида, саломатлигида, фарзандлари камолида акс этиб, жамият ривожига ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев “ADM Jizzakh” автомобиль заводи фаолияти билан танишди.

Олдинлари Жиззах вилояти саноат кўрсаткичлари энг паст бўлган ҳудудлардан бири эди. Бугунги кунда ҳар бир туманга саноат кириб борди.

Вилоят саноатини ривожлантиришда “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси катта ўрин тутмоқда. У маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича республикада учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда туради. Кейинги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга қулайлик кенгайтирилди. Бугунги кунда саноат зонасида 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 киши ишламоқда.

“ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. У 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган уч йилда “Kia”, “Chery” ҳамда “Haval” брендлари остида 23 турдаги 36 мингта автомобиль ишлаб чиқарилган.

Лойиҳа доирасида 234 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилиб, 1 минг 800 та иш ўрни яратилди.

Биринчи босқичда йирик узелли йиғув йўлга қўйилган эди. Бир вақтнинг ўзида заводни кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиб, жорий йил март ойида янги бино ва қувватлар ишга туширилди. Яъни, юқори технологияларни жалб қилган ҳолда штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғишни қамраб олувчи ишлаб чиқариш жараёни ташкил этилди.

Давлатимиз раҳбари заводдаги ишлаб чиқариш жараёнини атрофлича кўздан кечирди.

Корхона юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган. Улар Жанубий Корея, Япония ва Германия каби давлатлардан келтирилган. Заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлиги, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.

Президентимиз заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу борада ишлар бошланган. 2024-2027 йилларда 348 турдаги бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш режалаштирилган. Айни пайтда мамлакатимиздаги 21 та корхона билан кооперация тизими йўлга қўйилган.

Умуман, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобиль ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган.

Автомобиллар сифатини янада ошириш мақсадида Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой ва Вьетнам давлатларидан малакали мутахассислар жалб этилди. Бу борада хорижий ҳамкорлар билан жорий йилдан бошлаб дастлаб 50 нафар муҳандис Жанубий Корея ҳамда Хитойдаги тадқиқот ва лойиҳалаш марказларида малака оширишга юборилиши белгиланган.

Давлатимиз раҳбари заводда ишлаб чиқариш бошланган янги “Kia Sonet” автомобилини кўрди.

Охирги беш йилда Жиззах вилоятига 4 миллиард доллардан ортиқ инвестициялар кириб келган. 50 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 861 миллион долларлик экспорт қилинган.

Бу йил вилоятда 2 миллиард долларлик 400 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларда 11 мингта янги иш ўрни очилади.

Давлатимиз раҳбарига бу соҳадаги режалар тақдимот қилинди. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар 6 миллиард 100 миллион долларлик 50 та лойиҳани амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Лойиҳалар тоғ-кон, машинасозлик, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби талаб юқори соҳаларда. Муҳими, уларнинг натижасида қарийб 20 минг янги иш ўрни яратилади.

Президентимиз инвесторларга лойиҳаларни амалга оширишда омад тилади. Мутасаддиларга уларнинг ижросини алоҳида назоратга олиш топширилди.

Ўзбекистон Президенти Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросимда иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг бошида барчани яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити билан табриклаб, халқимиз манфаати йўлидаги ҳаракатларга хайр-барака тилади.

Маълумки, саноат ривожи барқарор энергетикага боғлиқ. Шу боис бу икки соҳа мутаносиб ривожлантирилмоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 4 минг 600 та саноат корхоналари ишга туширилди. Саноат 6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланди. Бундан ташқари, 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига 12 гигаваттли 31 та электр станцияси барпо этилмоқда. Бу йил Навоий, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Қашқадарёда 2,6 гигаватт қувватлар тармоққа уланади. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда “яшил” энергиянинг генерациядаги улуши 30 фоизга етади.

– Биз бу ишларни халқимизга муносиб турмуш шароити ҳамда саноатимиз ривожи учун узлуксиз энергия таъминотини яратиш мақсадида амалга ошираяпмиз. Бу ҳамма ҳудудларда яхши анъанага айланиб улгурди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Жиззах вилоятида ҳам бундай лойиҳалар кўп. Улардан бири – Ғаллаорол туманида барпо этиладиган, металлургияга ихтисослашган саноат зонаси. У ерда 500 миллион долларлик 7 та лойиҳа амалга оширилади. Жумладан, арматура, пўлат шарлар, қувурлар, автомобиль кузови ва махсус техникалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ҳудудда божхона омбори ҳам бўлади. Жами 5 мингта иш ўрни яратилади.

Иккинчи лойиҳа – Фориш туманида Хитойнинг “China Poly Group” ва “China Electric” компаниялари билан ҳамкорликда қуриладиган қуёш электр станцияси. 350 миллион долларлик ушбу мажмуа 500 мегаватт қувватга эга бўлади. Унда йилига 1,1 миллиард киловатт соат “яшил” энергия ҳосил қилинади. Бу 450 минг хонадоннинг энергия таъминоти яхшиланади, дегани. Станциянинг дастлабки 200 мегаватт қуввати шу йил якунида тармоққа уланади.

Президент Шавкат Мирзиёев рамзий тугмани босиб, мазкур икки мажмуа қурилишини бошлаб берди.

Яқин йилларда Шароф Рашидов, Фориш ва Ғаллаорол туманларида яна 1 минг 660 мегаваттли иссиқлик, шамол ва қуёш электр станциялари ҳам қурилади. Булар аҳоли турмуш даражасини ошириб, иқтисодиёт ривожига қўшимча туртки бўлади.

Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев “BMB Holding” компаниясининг Шароф Рашидов туманидаги агрологистика мажмуасини бориб кўрди.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экспортининг салоҳияти юқори. Бунда маҳсулотларни йиғиш, сақлаш, қайта ишлаш ва сотишнинг барча босқичларини қамраб олган агрологистика марказлари жуда муҳим.

“BMB Holding” компаниясининг ўтган йил декабрда ишга тушган мажмуаси ҳам шулардан бири. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 57 миллион доллардан зиёд. Мажмуада йилига 10 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ҳамда 8 минг тоннани бирламчи қайта ишлаш имкони мавжуд. 180 киши доимий иш билан таъминлаган.

Давлатимиз раҳбари корхонадаги иш жараёнини ва экспортга тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

Логистика марказига мева-сабзавот маҳсулотлари Жиззах вилояти ва қўшни ҳудудлардан олиб келинади. Ўтган йили “BMB Holding” тизимидаги агрокластер томонидан 1 минг 200 дан ортиқ фермердан шартнома асосида 16 турдаги 52 минг тоннадан ортиқ ҳосил олинди.

Жорий йилда Сайхунобод тажрибаси асосида 2 минг 485 нафар аҳоли томорқалари билан кооперация асосида шартнома қилинади. Шунингдек, 4 мингга яқин фермер хўжалигининг 14 минг 500 гектар майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади. Бунинг натижасида кластер негизида қўшимча 32 мингтадан ортиқ мавсумий иш ўрни яратилади.

Мажмуада фитосанитар ва санитар-эпидемиологик сертификатлаш лабораторияси, божхона ҳамда банк филиаллари, хостел ташкил этилган. Лаборатория Россия, Хитой, АҚШ ва Германия давлатларидан келтирилган 34 та энг замонавий ускуна билан жиҳозланган.

Карантин ходимлари шу ернинг ўзида маҳсулотларни кўрикдан ўтказади. Муҳими, улар томонидан расмийлаштирилган фитосанитар сертификат 119 та давлат томонидан тан олинади.

Бу каби имкониятларнинг мавжудлиги корхонанинг экспорт салоҳияти ва географиясини оширмоқда. Бугунгача Қозоғистон, Покистон, Россия Федерацияси ва Хитойга қарийб 43 миллион долларлик маҳсулот юборилди. Жорий йил якуни бўйича экспорт ҳажмини 58 миллион долларга етказиш режа қилинган.

Президентимиз бундай агрологистика марказларини бошқа ҳудудларда ҳам кўпроқ ташкил этиб, уларга муайян далаларни ва маҳаллаларни бириктириш зарурлигини таъкидлади. Бу тадбиркор учун етарли маҳсулот, аҳоли учун кафолатли харид имкониятини беради.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, 2017 йилда ташкил топган компания таркибида бугун 4 та қўшма ва 26 та шўъба корхона мавжуд. Иқтисодиётнинг турли жабҳаларида қарийб 1 миллиард 500 миллион долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги «BMB Opera Zafferano» қўшма корхонаси томонидан 400 гектарлик заъфарон плантацияси яратилди. Етиштирилган маҳсулотлар USDA ORGANIC сертификатига эга бўлиб, Италия, Австрия, Голландия, Франция, Жанубий Корея, Саудия Арабистони каби давлатларга экспорт қилинмоқда. АҚШ бозорига кириш учун ҳам FDA рухсатномаси берилган.

Келгуси уч йилда бу лойиҳанинг қиймати 80 миллион еврога етказилиб, заъфарон етиштириш ҳажми 1,8 тоннадан 20 тоннага оширилади. Давлатимиз раҳбари бу режаларни маъқуллаб, заъфарон майдонлари ва экспортини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳрида барпо этилган Киберспорт аренасида ёшлар билан учрашди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 16 ноябрдаги қарорига мувофиқ, киберспорт турлари оммалаштирилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрида собиқ теннис корти биноси ўрнида киберспорт аренаси ташкил этилди. 1 минг 200 томошабинга мўлжалланган асосий зал замонавий ҳолатга келтирилди. Шунингдек, бу ерда 12 та ўқув ва машғулот хоналари, мажлислар зали, 35 ўринли ётоқхона ҳамда кафетерий мавжуд.

Арена универсал бўлиб, бокс, кураш, баскетбол, стол тенниси, шахмат, шашка бўйича халқаро мусобақаларни, “Беш ташаббус” тадбирларини ҳам ўтказиш мумкин. Мажмуа таркибидаги IT академиясида ёшларга компьютер саводхонлиги, хорижий тиллар, график дизайн, дастурлаш, робототехника ва бошқа йўналишлар ўқитилади. Бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” тизимини амалга ошириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари бу ерда киберспорт, шахмат, “Заковат” интеллектуал ўйинлари, баскетбол мусобақаларини кузатди, ёшлар билан мулоқот қилди.

– Бугун Жиззахнинг кўп жойларида бўлдик, янги лойиҳаларни бошладик. Албатта, вилоятнинг иқтисодиёти, бунёдкорлик кўлами аввалгидан анча юқори. Лекин энг муҳим ютуқ – ёшларимизнинг ҳаракати, нияти, ўзига ишончи. Биз белгилаб олган Стратегияни, катта марраларни шундай ёшлар билан амалга оширамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ташриф давомида мутасаддилар арена фаолиятига доир режалар хусусида сўзлаб берди. Хусусан, жаҳон чемпионатларида иштирок этиш учун турли даражадаги турнирлар ғолиблари билан дўстлик мусобақалари ўтказилади.

Ҳар бир йўналиш бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни профессионал спортга йўналтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

Икром АВВАЛБОЕВ,

Абдужалол ҚАЮМОВ,

ЎзА мухбирлари