Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 5 апрель куни ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш йўлидан бормоқда. Халқларимиз нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келган. Мамлакатларимиз яхши қўшни ва ўзаро манфаатли ҳамкор сифатида тараққиёт йўлидан елкама-елка бормоқда.
Икки давлат халқаро сиёсат масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб, халқаро ташкилотлар – БМТ, ШҲТ, МДҲ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва бошқа ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик кўплаб масалалар юзасидан томонларнинг позициялари ўхшаш.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1250 дан ортиқ Қозоғистон корхонаси, Қозоғистонда эса ўзбек капитали иштирокида 1400 дан ортиқ компания фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан яна бири, бу – транспорт коммуникациялари соҳасидир. Мамлакатларимиз автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Ушбу муҳим алоқа тармоғи учинчи давлатлар учун транзит вазифасини ўтаяпти. 2023 йилда темир йўл транспортида халқаро ташиш ҳажми 23,46 миллион тонна, автомобиль транспортида 2,1 миллион тонна, ҳаво транспортида эса 90 минг тоннани ташкил этди.
Кўҳна Хива шаҳрида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев учрашув ўтказдилар.
Унда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ҳар томонлама амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Кооперация лойиҳаларини жадаллаштириш, илгари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ инвестиция битимлари ва савдо шартномаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбарлари машинасозлик, энергетика, транспорт ва логистика, кончилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқлардаги қўшма лойиҳаларни илгари суриш юзасидан Бош вазирлар ўринбосарлари, Ҳукуматлараро комиссия ҳузуридаги ишчи гуруҳлар ҳамраисларининг ҳисоботларини тингладилар.
Президентлар товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат кооперацияси бўйича узоқ муддатли дастурни шакллантириш ҳамда транспорт ва энергетикада инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ топшириқ бердилар.
Жорий йилда Саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш бўйича амалий ишларни бошлаш, қўшма ташқи савдо компанияси фаолиятини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Гуманитар ва туризм алоқаларини ривожлантириш, ёшлар иштирокида маданият, таълим ва спорт соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Минтақавий аҳамиятга молик масалалар, шу жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди.
Икки ва кўп томонлама шаклдаги бўлажак қўшма тадбирлар режаси кўриб чиқилди.
Учрашув ҳар доимгидек очиқ, самимий ва дўстона муҳитда ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жомарт Тоқаев “Хива гиламлари” комбинатига ташриф буюрдилар.
2020 йилда ташкил этилган қиймати 24 миллион долларлик ушбу корхона йилига 4,2 миллион квадрат метр гилам ва гилам маҳсулотларини ишлаб чиқаради. Маҳсулотлар АҚШ, Хитой, Россия, Қозоғистон ва МДҲнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилинмоқда.
Комбинатда Германия, Бельгия, Австрия, Швейцария, Италия, Франция ва Туркиядан келтирилган замонавий ускуналар ўрнатилган. 750 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.
Президентлар корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ва шоуруми билан танишдилар, комбинат ҳудудида ташкил этилган «Made in Uzbekistan» бренди остидаги маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирдилар.
Масъул вазирлик ва идораларга ўзаро тажриба алмашиш, кооперация ва савдони ривожлантиришга кўрсатма берилди.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида қадимги Хиванинг Ичан-қалъа мажмуаси тарихий обидалари ва Нуриллабой саройини зиёрат қилди.
“Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳардир. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обидалар жойлашган.
1990 йилда Хива шаҳри ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган, 1997 йилда унинг 2500 йиллиги нишонланган. 2020 йилда шаҳар Туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди, 2024 йилда эса ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.
Нуриллабой саройи XX аср бошларида бунёд этилган. Мажмуа мадраса, 100 дан ортиқ хоналар, галереялардан иборат. Сарой хоналарини безашда нафақат хивалик моҳир усталар, балки чет эллик рассом-декораторлар ҳам иштирок этганлар, улар саройнинг шарқона қиёфасига Европанинг модерн услубини сингдирганлар. Хоналар ички кўриниши, каминлари, Венеция ойналари ва тилла суви югуртирилган бронзадан ишланган, биллур илгакли қандиллари билан ажралиб туради.
Хива тарихи ва унинг фан ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар қозоғистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга ташрифи якунланди.
ЎзА