ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда миллий-маданий марказлар ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Тожибой Романов, институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қувондиқ Қодиров сўз олиб, барчани ўлкамизга кириб келган янгиланиш ва яшариш, ижодкорлик ва яратувчилик айёми – Наврўз умуммиллий байрами билан табриклади. Шунингдек, институт жамоаси ва талаба ёшларнинг қатор ютуқлари хусусида сўз юритди.

Тадбир доирасида турли спорт мусобақалари, талабалар ижодига оид тасвирий санъат асарлари кўргазмаси, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар намойиши ҳамда китоблар ярмаркаси ташкил этилди.

Театрлаштирилган концерт дастурида институтнинг ижодий жамоалари томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари барчага байрам кайфиятини улашди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА