Италиянинг Бусто-Арсицио шаҳрида “Париж-2024” Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи I жаҳон квалификацион турнири ўз якунига етди. Мазкур мусобақада эркаклар ва аёллар ўртасидаги миллий терма жамоамизнинг 9 нафар аъзоси йўлланма учун кураш олиб борди.

Мусобақада -50 кг вазн тоифасидаги аёл боксчилар орасида Сабина Бобоқулова Олимпия йўлланмасини қўлга киритишга муяссар бўлди. Эркаклар орасида Руслан Абдуллаев (-63,5 кг), Асадхўжа Мўйдинхўжаев (-71 кг), Тўрабек Ҳабибуллаев (-80 кг) ва Лазизбек Муллажонов (-92 кг) ўз вазн тоифаларида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси лицензиясига эга чиқди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга қадар Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг), Абдумалик Халаков (-57 кг), Баҳодир Жалолов (+92 кг) ва Нигина Ўктамова (-54кг) каби чарм қўлқоп усталаримиз “Париж-2024” йўлланмаси соҳибига айланган эди.

Ҳозирда, эркаклар терма жамоамиз 7 та вазнда (тўлиқ таркиб), аёллар терма жамоамиз эса 2 вазнда Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди. Энди аёл боксчиларимиз 4 та вазн тоифасидаги йўлланма учун 23 май – 5 июнь кунлари Таиландда бўлиб ўтадиган II жаҳон квалификацион турнирида иштирок этади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА