Пойтахтимизда “Беш ташаббус” олимпиадасининг 2024 йилги мавсумининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда республикамизнинг 14 та ҳудуди ва 208 та туман (шаҳар)лари ҳам бир вақтда онлайн уланди. Тадбир доирасида олимпиадага старт берилди.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев “Беш ташаббус” олимпиадаси ёшларнинг истеъдодларини намоён этишида катта майдон сифатида муҳим роль ўйнаётганини таъкидлади.

– Янги Ўзбекистон айнан сиз, ёшлар томонингиздан қуриляпти. Янги Ўзбекистон сиз каби ташаббускор ёшлар қўлидадир, – деди маданият вазири Озодбек Назарбеков.

Жорий йил “Беш ташаббус олимпиадаси” маҳалла ёшлари ўртасида (26 та лойиҳа) март-декабрь ойларида, мактаб ўқувчилари ўртасида (8 та лойиҳа) сентябрь-ноябрь ойларида, профессионал таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида (5 та лойиҳа) сентябрь-декабрь ойларида, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида (5 та лойиҳа) сентябрь-ноябрь ойларида ҳамда илк маротаба вазирлик, идора ва ташкилот ходимлари ўртасида (6 та лойиҳа) ноябрь-декабрь ойларида бўлиб ўтади.

Тадбирнинг бадиий қисми иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.

Гулноза Бобоева, ЎзА