Бу юртда ҳалол, шарафли, фидокорона меҳнат доим эътироф этилган, эъзоз топган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча қабул қилинган “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармони бу фикрларнинг яна бир карра исботи бўлди.

Фармон билан кўпчилигимиз ҳаяжонланиб танишдик. Тақдирланганларнинг бари эл-юрт ардоғидаги, шу азиз Ватан равнақи учун жон куйдириб меҳнат қилаётган опа-сингилларимиз эканидан жуда қувондик. Уларнинг аксарияти оддий касб-корли, мунис, мушфиқ, оламларга нафи тегаётган аёллар эканидан, жонажон Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши учун оиласига, фарзандларига атаган меҳрининг катта қисмини жамиятга, Ватанга, эл-юртига бағишлаётганидан ғоят мамнун бўлдик.

Пиллакор, саҳна устаси, ҳуқуқ ҳимоячиси, ижодкор, хотин-қизлар фаоли, гидротехник-муҳандис, осмону фалакдан туриб одамларни уйли-жойли қилаётган кран машинистлари, спорт мураббийлари, чевар дўппидўзлар, диди баланд дизайнерлар, механизаторлар, тадбиркор, чўпон, фермер аёллар, механигу оддий ишчи аёллар, миллати, ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, шу табаррук диёр равнақига муносиб ҳисса қўшаётган мунис аёлларимиз борки, уларнинг меҳнати юксак эътибор ва эҳтиромда! Демакки, ҳеч бир аёлнинг машаққатли меҳнати, юрт равнақи йўлидаги шиддатли интилиши давлатимиз томонидан беэътибор қолдирилмаяпти.

Рўйхат аввалида адабиётимиз фидойиси, ёш ижодкорларнинг севимли устози “Қорақалпоқ адабиёти” газетаси бош муҳаррири Гулистон Аннақиличеванинг “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани мамлакатимизда устоз ва шогирд анъаналарининг бардавомлигини таъминлаш, миллий журналистика, адибиёт, маънавият ва маърифат соҳаларига қаратилаётган улкан эътиборнинг амалий натижасидир. Гулистон опанинг сатрларидан жонажон Ўзбекистонимизга меҳр-муҳааббат, садоқат, элга жонфидолик уфуриб туради. Шогирдларининг китоблари чиқса ёки илк ижод намуналари матбуотда кўринса, опа ўз ютуғидан ҳам кўра кўпроқ қувонади. Юртга келган ташвишдан, одамларнинг дарду ғамидан жону жаҳони ўртанади. Муаммоларнинг ечимини излайди. Ижодкор аёлнинг бир сўзли, жўмард, қатъиятли феъли кўпларимиз учун ибрат мактабидир.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, камтарин адиба Махсума Аҳмедованинг “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани диққатга сазовордир. Махсума опа самарали ижод қилиб китобхонлар меҳрини қозонган ёзувчи саналади. Бундан ташқари опа, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоғай Муроднинг умр йўлдошлари ҳамдир.

Тоғай Муроднинг ўзбекнинг дардини юракларни ўртаб, китобхонни изтиробга солиб, китобларга айлантирган асарларида унинг сафдоши, дарддоши, умр йўлдоши Махсума опанинг ҳам меҳнатлари, заҳматлари, атоқли ёзувчи билан биргаликда чеккан изтироблари мужассамдир. Ҳа, чиндан ҳам Махсума опа мукофоту эътирофга муносиб ижодкор аёлдир.

Миллий адабиётимизни болалар адабиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, барчамизнинг адабиётга бўлган меҳримиз болаликдаги китобларимиздан бошлангани аниқ. Таниқли болалар ёзувчиси, “Ғунча” журнали бош муҳаррири Дилфуза Шомаликова бугунги кунда болалар адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлардан саналади. Дилфуза опанинг кўп йиллик меҳнатлари муносиб қадр топиб, “Шуҳрат” медалига муносиб кўрилгани диққатга сазовордир. Зеро, опанинг ёзганлари болаларни гўдакликданоқ ҳаётнинг, унинг азиз неъматларининг қадрига етишга, инсон ўз тақдирини Ватан тақдири билан вобаста кўрмоғи зарурлигига ундайди.

Ҳа, бу табаррук диёрда азалдан фидойиларча меҳнат қилган, юрт ташвиши йўлида заҳмату машаққат чекканлар ҳар доим қадр, иззат-икром топган!

Мукофотлар муборак, азиз опа-сингиллар! 

Назокат Усмонова, ЎзА