Инсоният тарихига назар ташланса, илм-фан, таълим одамзоднинг ақлий  эҳтиёжи, доимий маънавий ҳамроҳи, турмуш машаққатларини енгишда синалган нажоткори бўлиб келганлиги ойдинлашади. Таълим тизимининг тараққиёти жамиятимизнинг барча соҳаларидаги мувафаққиятини таъминлайди. Сабаби ҳар қандай соҳанинг ривожи, инсон ақл-заковатининг бойиши таг-замирида албатта илм-фан, таълим бўлади.

Муҳтарам президентимизнинг «Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади», дея алоҳида таъкидлаб ўтгани бежиз эмас.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун биз шундай таҳликали ва хатарли даврда яшаяпмиз. Дунё катта сурьатларда ўзгармоқда, тараққиёт сония сайин олға илгариламоқда. Мазкур давр давомийлигида ва келажакда ўзлигимизни сақлаб қолиш ва жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлиш учун қандай йўл тутиш керак? – деган ҳақли савол тўғилади. Бу саволга бир пайтлар жадид боболаримиз таъкидлаганидек “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деб жавоб берсак ҳақиқат бўлади.

Дарҳақиқат, илм-фан ва таълим-тарбия –  жамият ва давлатнинг бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган масаладир. Шу боис мамлакатимизда бу масалага давлат миқёсида улкан эътибор қаратилмоқда. Қайердаки, ёшлар таълим-тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилса, шу жойда жамият таназзулга учрайди. Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган чуқур  маъноли сўзлари замонлар оша ўз қимматини йўқотмаган ва йўқотмайди ҳам.

Биз фарзандлари келажаги ва бахти учун яшайдиган болажонли халқмиз. Шу аснода фарзандларимиз тақдири ва келажагини “Отангдай улуғ” деб ҳисоблайдиган устоз қўлига ишониб топширамиз. Устозларнинг  ёшларимизнинг парлоқ келажаги йўлида чеккан машаққат ва тўккан кўз нурини эса ҳеч нарса билан қиёслаб ҳам, баҳолаб ҳам бўлмайди. Қандай ютуққа эришган бўлсак, ҳаммасининг замирида қадрдон ўқитувчи ва устозларининг ҳиссаси беқиёс эканлигини кўрамиз. Бизга инсоният яратган энг қадимий ва қимматли кашфиёт – ҳарф танишни ва ёзишни ўргатган устоз олдида доимо таьзмдамиз.

1 февраль куни Ҳурматли Юртбошимиз 21 моддадан иборат «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу бутун халқимизни севинтирган воқеа бўлди. Қонунда педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва  ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланган.

Аҳамиятлиси, ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

Мазкур қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади. Шунингдек, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.

Бундан ташқари, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, хусусан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш мумкин эмас.

Қонунда педагогларга қисқартирилган иш вақти белгиланиши кафолатланган. Докторлик диссертацияси, дарслик ва ўқув қўлланмалар ёзиш учун ижодий таътил берилиши назарда тутилган. Шу қатори ўқитувчиларга муаллифлик дастурларини ва ўқитиш услубиятини жорий этиш, замонавий педагогик воситаларни эркин танлаш, давлат ахборот-ресрус марказлари хизматидан бепул фойдаланиш каби қатор имкониятлар яратилиб берилмоқда. Негаки “Ўқитиш – икки карра ўқиш” дегани. Ўқитувчилар изланувчан, янгиликка ташна халқ. Қонунда педагогларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида ҳам аниқ нормалар белгиланган. Бу борадаги ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозликга чек қўйилган. Хулласи қонунда, ўқитувчиларнинг ўз фаолиятидан, бугунидан рози бўлиб, кўнгилли ва сидқидилдан дарс ўтишлари учун барча зарур имкониятлар яратилиши назарда тутилган.

Дарҳақиқат, ўқитувчи ва мураббийларнинг обрўи жойига қўйилса, меҳнатига муносиб ҳақ тўланса ва рағбатлантирилса таълим-тарбияда сифат ўзгаришлари кузатилиши шубҳасиз. Негаки дунёда ривожланган давлатлар мисолида олиб қаралса ўқитувчига нисбатан ҳурмат жуда юқори. Чунки, энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришиш мумкин. Мисол учун, Япония императоридан бу давлатнинг шунчалар илдам ривожланиш сири нимада деб сўраганида, у: «Мен ўқитувчига президент обрўсини, бош вазир маошини, дипломат дахлсизлигини бердим», деган экан. Италияда бўлса “Учта касб эгалари тирбанд йўлда қолмаслиги керак: Тез ёрдам, ўт ўчирувчилар ҳамда ўқитувчилар”.  Aнглияда эса “Бу бола даҳо, у ўқитувчидек фикрлайди…” дея ўқитувчиларни улуғ касб эгалари сифатида кўкларга кўтаришади.

Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад ҳам, вазифа ҳам –  дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт тарзини қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалашда, юртимизда учинчи ренессансни қуришда биз – кучли билим ва салоҳиятга эга, инсон руҳининг инженерлари, келажак бунёдкорлари бўлмиш ўқитувчилар меҳнатига таянамиз.

Янги қонун – янги муваффақиятлар калити бўлишига ишонамиз.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги