Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида барпо этилаётган бизнес-авиацияси аэропорти қурилиш участкасига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 2 декабрь куни «Тошкент-Шарқий» аэродроми ҳудудидаги мазкур лойиҳа билан танишиб, бизнес авиацияни ташкил этиш ва бундай турдаги барча хизматларни кўрсатишга қодир замонавий инфратузилмани барпо этиш борасида кўрсатмалар берган эди.
Ишбилармонлик аэропорти Марказий Осиё минтақасида мутлақо янги тизим бўлиб, якка тартибдаги ва корпоратив парвозларга ихтисослашади. Лойиҳа ўзбекистонлик ва хорижлик ишбилармон доиралар вакилларига маҳсулотларини ташқи бозорга етказиб бериш, бизнес-шериклар топишда катта ўрин тутади. Айни пайтда хорижий делегацияларни кутиб олиш, олий даражадаги меҳмонлар ва ишбилармонлар, юртимизга ташриф буюраётган кўплаб хорижлик сайёҳларга намунали хизмат кўрсатиш, пойтахтимиз ҳаво бандаргоҳининг транзит имкониятларини ошириш, иқтисодиёт тармоқларини ривожлантиришга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.
Ҳозирги вақтда аэропортда қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Дастлабки босқичда узунлиги 4 километр бўлган замонавий учиш-қўниш йўлаги ва соатига 250 йўловчини ўтказиш имкониятига эга терминал барпо этилади, иккинчи босқичда қўшимча инфратузилма, меҳмонхона мажмуаси қурилади.
Шу кунга қадар бу ерда қарийб 20 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилди. Қурилиш-монтаж ишларига 100 дан ортиқ махсус техника жалб этилган. Бунёдкорлик ишлари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ буюртмаси асосида “Транс йўл қурилиш махсус пудрат” МЧЖ, “Қурилиш-монтаж трести” ва “Тошкент кўприклардан фойдаланиш” унитар корхоналари ишчи-мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда.
Комплекс доирасида бир вақтнинг ўзида 20 та самолётни кутиб олиш ва жўнатиш мўлжалланган перрон қурилди. Шунингдек, қўриқлаш, алоқа ва хавфсизлик пунктлари бунёд этилиши кўзда тутилмоқда. Лойиҳа доирасида ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш маркази, самолёт ва вертолётларни сақлаш учун замонавий ангар, ёнғин хавфсизлиги депоси қурилади. Шу билан бирга, диспетчерлик маркази ва йўловчилар учун овқатланиш биноси барпо этилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи 2020 йилга якунланиши белгиланган бўлиб, шу муддатда самолётларни қабул қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ишларини бошлаб юборилади.
Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда ишбилармонлик авиациясини жонлантириш, мазкур аэропортда жаҳон стандартларига тўла мос хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш кераклигини таъкидлади
– Барча муваффақиятнинг замирида ишни пухта лойиҳа асосида ткшкил этиш ётади. Ишбилармонлик аэропортини барпо этиш ва хорижий ишбишармонларга маъқул бўладиган хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун ушбу иншоотнинг лойиҳаси мукаммал бўлиши керак. Аэропортга қадам қўйган чет эллик халқимизнинг миллий ғурурини, ифтихорини ҳис этиши керак. Шу боис мазкур масалалар билан шуғулланадиган замонавий лойиҳа институти ташкил этиб, Япония, Германия каби ривожланган мамлакатлардан малакали мутахассисларни ишга жалб этиш лозим. Ана шундай қилсаккина бу аэропорт келажакда халқимизга, фарзандларимизга кўп йиллар хизмат қилади, – деди Президентимиз.
Матназар Элмуродов, ЎзА