Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида тизимда сидқидилдан хизмат қилиб, намунали хулқи, тарбияси, касбига бўлган садоқати билан ўрнак бўлаётган ходимлардан 15 нафарининг оналари бошқармага таклиф этилиб, раҳбарият томонидан эътироф этилди.

Тадбирда бошқарманинг асосий кўрсаткичлари, давлат бюджетига ундирилган божхона тўловлари, ходимлар томонидан аниқланган божхона қонунбузилиши ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Халқ фаравонлиги, юрт осойишталиги, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш  йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган божхоначиларга тарбия берган онахонларга ташаккур айтилди.

Фарзандининг камолини кўриб, улар туфайли раҳмат эшитиш бахтига сазовор бўлган оналар кўзида фахр ва қувонч туйғулари порлади.

Бундан руҳланган ҳар бир ходим ўз хизмат вазифаларига янада виждонан ёндашади, салбий ҳолатларга йўл қўймайди. Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам асли шундан иборат.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири