Германия ҳукуматининг қишлоқ хўжалиги соҳасида режалаштирган тежамкорлик чораларига қарши қаратилган немис фермерларининг норозилик ҳафталиги ортидан Берлинда намойишлар кучаймоқда, деб хабар бермоқда “Dautsche Welle” нашри.
Германия деҳқонлар иттифоқи бу намойишларда қатнашаётган иштирокчиларнинг аниқ сонини келтирмаган бўлсада, тахминан 30 минг киши бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Молия вазирининг нутқи норози қичқириқлар билан кутиб олинди
Бранденбург дарвозаси олдидаги митингда сўзга чиққан Германия деҳқонлари иттифоқи раҳбари Йоахим Руквид ҳукумат коалициясини қишлоқ хўжалигида режалаштирилган тежамкорлик чораларидан воз кечишга чақирди.
“Солиқларни ошириш бўйича таклифларни қайтариб олинг, кейин биз ҳам кетамиз”, деган у. Руквид расмийлар билан мулоқотга тайёрлигини билдирган, бироқ ҳукуматнинг айни пайтдаги таклифини рад этиб, уни адолатсиз деб айтган. Шунингдек, мамлакатнинг ишончли озиқ-овқат таъминоти фермерларга боғлиқ эканини алоҳида таъкидлаган. Намойишчилар олдида сўзлаган Германия молия вазири Кристиан Линднер ҳукуматнинг фермерлар учун солиқ имтиёзларини бекор қилиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирларини ҳимоя қилар экан, фермерларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги талаблар билан қишлоқ хўжалигини қурбон қилмаслик керак. Шунингдек, молиявий юкни ҳам адолатли тақсимлаш кераклигини айтган. Линднернинг таъкидлашича, фермерларнинг тинч ва қонуний норозиликлари аллақачон муваффақиятли бўлган, чунки ҳукумат уларнинг далилларини эшитган ва қишлоқ хўжалиги техникасига транспорт солиғини жорий этиш ниятидан воз кечган.
Лекин молия вазирининг нутқи намойишчилар томонидан норози қичқириқлар, ҳуштаклар билан кутиб олинган ва бу овозлар унинг нутқини босиб кетди, дея ёзади маҳаллий нашрлар.
Янги норозиликларга чақириқ
Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ва экология ташкилотлари бирлашиб “Биз тўйганмиз!” деган шиор остида федерал ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги сиёсатига қарши янги норозилик намойишларига чақирмоқда. Улар ҳукмрон коалицияни қишлоқ хўжалиги келажагини кафолатлашга ва ерлардан фойдаланишда фермерларни етарли даражада қўллаб-қувватлашларини сўраган. Шунингдек, бу ҳаракат 20 январь куни Берлиндаги “Яшил ҳафталик” қишлоқ хўжалиги ярмаркасида янги намойиш ўтказишга чақирган. Ташкилот вакили Инка Ланге сўнгги ўн йилликларда кузатилган “қишлоқ хўжалиги сиёсатидаги турғунлик”ка чек қўйиш зарурлигини айтган.
Йўл ҳаракатидаги узилишлар
Бранденбург дарвозаси ҳудудида қишлоқ хўжалиги техникалари тўпланганлиги сабабли, жиддий тирбандликлар юзага келган, деб хабар бермоқда пойтахт полицияси. Ҳозирча норозилик намойишида жиддий ҳодисалар кузатилмаган. Намойишда тартибсизликлар юзага келмаслиги учун 1300 дан ортиқ полициячи жалб қилинган. Ўтган ҳафта охирида Берлиндаги марказий норозилик акциясида иштирок этиш учун кўплаб фермерлар тракторлари билан келишганлиги сабабли ҳукумат уларга тўхташ жойлари ажратган эди.
Бу шунчаки деҳқонларнинг норозилиги эмас
ОАВ маълумотларига кўра, Берлиндаги фермерларнинг акциясида пойтахтга ўз юк машиналари билан келган ҳунармандлар ва транспорт компаниялари ҳайдовчилари ҳам қатнашган, бундан ташқари, намойишчиларга турли хилдаги ресторан ва меҳмонхона бизнеси ишчилари ҳам қўшилган. Сабаби, улар ҳам ҳукумат томонидан белгиланган солиқ юкини оширишга қарши.
Фермерларнинг норозилик ҳафтаси
Немис фермерлари ҳукуматнинг қишлоқ хўжалиги субсидияларини қисқартиришга қарши норозилик намойишларини 2023 йил декабридан бери оммавий равишда уюштириб келишмоқда.
Ҳукуматнинг бюджетни тежаш режасига кўра 2024 йилда фермерлар 70 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд бўлган дизель чегирмалари ва солиқ имтиёзларидан маҳрум бўлишлари керак эди. Германия Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, бу чора ҳар йили бюджетни 480 миллион евро тежашга ёрдам беради. Намойишлардан кейин Берлин ўз режаларини тузатишга қарор қилди, яъни, имтиёзларни тўлиқ ва бир вақтнинг ўзида эмас, балки аста-секин бекор қилишни режалаштирди. Бироқ немис деҳқонлар иттифоқи бу билан ўз норозиликларини тўхтатмаяпти.
К. Бекжонов тайёрлади, ЎзА