Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – “WAM” Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида иштирок этиш учун қилган амалий ташрифи, шунингдек, икки давлат етакчиларининг учрашуви ҳақида мақола эълон қилди.
Мақолада икки томонлама муносабатнинг долзарб масалалари кўриб чиқилгани, Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали алоқалар барқарор ва жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Нашр йил бошидан буён товар айирбошлаш 30 фоиз ошгани, қўшма корхоналар сони ортаётгани, тўғридан-тўғри ҳаво қатнови жадвали кенгайиб бораётгани, икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард долларга етганини таъкидлаган.
Амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида муносабатларни кенг кўламли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишдан манфаатдорлик тасдиқланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА