Хитой, Дания, Франция ва Нидерландияда болалар орасида «Mycoplasma pneumoniae» бактерияси келтириб чиқарган пневмония кенг тарқалаётгани маълум қилинди. Касаллик АҚШнинг Огайо штатида ҳам тез-тез учраётгани қайд этилди, деб хабар тарқатди «CNN».
Телеканал Огайо штати соғлиқни сақлаш идораси вакилининг сўзларини келтирган: Уоррен округида болалар орасида касалланиш ҳолати одатдагидан кўп кузатилмоқда. Август ойидан бошлаб 142 ҳолатга дуч келинган. Маълумотга кўра, бактерия ҳар “бир ёки уч йилда” авж олиши мумкин.
Аввалроқ BFMTV телеканали ХХРдаги вазият туфайли Франция соғлиқни сақлаш Бош дирекцияси тиббий муассасаларга мамлакатда микоплазмали пневмония одатдагидан тез оммалашаётганини билдирган.
Октябрь ўрталарида Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси мамлакатда респираторли хасталиклар урчигани ҳақида хабар берди. Ноябрь сўнгида эса қатор нашрлар Хитой шимолида болалар орасида ушбу иллат тарқалганини ёзди.
Пневмония келиб чиқишига асосий сабаб микоплазма ҳисобланади. Касаллик даврий кўринишга эга бўлиб, ҳар 3-7 йилда кучаяди.