Хўжайли тумани “Қирқинчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қорақалпоқ текстиль” масъулияти чекланган жамиятига кўп йиллардан буён тадбиркор Наргул Худайбергенова раҳбарлик қилмоқда.

O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши  “Аёллар қаноти” ташаббуси билан “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида мазкур тадбиркорлик субъектига саёҳат ташкил қилинди. Лойиҳанинг мақсади  хотин-қизлар ўртасида бизнес кўникмаларни шакллантириш бўйича бепул  ўқув- амалий курсларни ташкил этиш, иш билан банд бўлмаган хотин-қизларни тадбиркорликка, хусусан, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик фаолиятига кенг жалб этишдир.  Шунингдек, уларнинг  таълим ва касбий кўникма олиши, муносиб иш топишига ҳар томонлама кўмаклашиш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ҳамда қобилиятини тўғри йўналтиришдан иборат.

Тадбирда депутатлар ва  партия вакиллари  ходимларни “Ўзбекистон–2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирди. Унда барча соҳалар сингари тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилгани қайд этилди.

Мазкур корхона тикувчиликка ихтисослаштирилган бўлиб, бугунги кунда бу ерда 20 нафардан зиёд хотин-қиз иш билан таъминланган. Корхонада асосан турли миллат вакилларининг бежирим  кийимлари, миллий услубдаги  қуроқ кўрпачалар  тикилади.   Партия вакиллари  корхона фаолияти билан танишиш жараёнида ишчи ходимларнинг фикр ва таклифларини ҳам тинглади.

Келажакда  корхона фаолиятини  янада  кенгайтириш,  шу орқали ишчи ўринларини кўпайтириш, маҳалла қизларини иш билан таъминлаш, ўқув маркази ташкил этиш режалаштирилган.

Саёҳат давомида партия ташкил этилганининг 20 йиллиги муносабати билан ишчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири