Ҳиндистон ғарбида жойлашган Гужарат штатида охирги 24 соат ичида чақмоқ уриши натижасида камида 20 киши вафот этди, 23 одам жароҳатланди, деб хабар қилган маҳаллий ҳокимият.
Штатдаги Фавқулодда вазиятлар маркази маълум қилишича, воқеага йилнинг айни даври учун хос бўлмаган, ноодатий кучли момақалдироқ сабаб бўлган. Ички ишлар вазири Амит Шоҳ ҳалок бўлганлар оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди.
– Гужаратнинг турли шаҳарларида ноқулай об-ҳаво, яшин туфайли кўплаб инсонлар ҳалок бўлаётганидан чуқур қайғудамиз, – деб ёзган вазир ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдираман.
Кучли ёмғир турли ҳудудларда экин майдонига зарар етказган. Мамлакат Метереология департаменти 16 соат мобайнида турли туманларда 50-117 мм ёғингарчилик кузатилганини маълум қилган.
Азиза Ҳалимова, ЎзА