Бугун, 25 ноябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида миллий қадриятларимизнинг нодир дурдонаси ҳисобланган кураш бўйича катталар ўртасида жаҳон чемпионати бошланади.
Ўн тўртинчи жаҳон чемпионатида 53 давлатдан 243 нафар курашчи чемпионлик учун гиламга чиқади.
Эркаклар 7, аёллар эса 8 вазн тоифасида жаҳон чемпионати медаллари учун баҳсларга киришади.
Нуфузли мусобақада кураш ватани Ўзбекистон терма жамоаси дунё биринчилигида тўлиқ таркиб билан иштирок этишга ҳозирлик кўрмоқда.
Жаҳон чемпионати беллашувларида Улбусин Ҳакимова, Ҳилола Ортиқбоева, Ибодатхон Агажанова, Мухлиса Кадирберганова, Маликахон Қаҳҳорова, Филура Эргашева, Покизахон Камолиддинова, Маржона Рўзиева аёллар ўртасидаги баҳсларда иштирок этса, Абдулазиз Ҳамроев, Чори Зоиров, Ҳамиджон Ҳайдаров, Умиджон Эсонов, Эркин Қозоқов, Жамшид Маматраҳимов ва Муҳсин Ҳисомиддинов эркаклар ўртасидаги баҳсларда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугун кун давомида Халқаро кураш ассоциациясининг конгресс, ижроқўм йиғилишлари ташкил этилади. Мазкур анжуманларда курашнинг халқаро ривожи, ассоциация тизимидаги ташкилотларнинг жорий йил давомидаги фаолияти, келгуси йилги режалар, кураш бўйича дунё миқёсида ўтказиладиган халқаро мусобақалар, семинарлар, халқаро ўқув-машғулот йиғинлари тақвими кўриб чиқилади.
Чемпионат мусобақалари 28 ноябрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида ўтган 13-жаҳон чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари жами 7 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллаган эди.
Т. Рўзиев, ЎзА