Жанубий Кореянинг “Рёнхап” агентлиги КХДР ҳукумати маълумотига таяниб ёзишича, Пхеньян разведка йўлдошини янги ракетада муваффақият билан орбитага олиб чиқди. Шунингдек, хабарда тез орада яна бир неча йўлдош учирилиши ҳам маълум қилинган.
Шимолий Кореянинг жосус-йўлдош учирилиши хусусидаги баёноти, шубҳасиз, жанубликларни жиддий хавотирга солмоқда. Масалан, Жанубий Корея миллий хавфсизлик кенгаши баёнотида айтилишича, Корея Республикаси кескинликни юмшатиш учун шимол билан мулоқотга доим очиқ, шу билан бирга Юн Сок Ёл ҳукумати биринчи навбатда одамлар хавфсизлигини устувор билиб, кучли мудофаа тизими ёрдамида Шимолий Кореянинг ҳар қандай бузғунчилик ҳаракатига жиддий жавоб қайтаради. Энди икки Корея орасидаги ҳарбий келишув тақдири КХДРга боғлиқ.
Ҳафта ўртасида КХДР “Маллигён-1” ҳарбий жосус-йўлдошини орбитага муваффақиятли олиб чиққанини эълон қилди: қурилма “Чхоллима-1” ракета ташувчида коинотга олиб чиқилган.
Аввалроқ Жанубий Корея шимолликларнинг жосус-йўлдош учиришига жавобан, 2018 йил 19 сентябрда икки мамлакат ўртасида эришилган ҳарбий келишув айрим бандлари амалиётини тўхтатишга қарор қилганини билдирган. Мазкур қарорга мувофиқ, жанубликлар ҳарбий-демаркация чизиғи ҳудудида разведка фаолиятини қайта тиклайди.
Яқинда Шимолий Корея орбитага жосус-йўлдош олиб чиқиши муносабати билан АҚШ, Япония ва Жанубий Корея расмийлари учрашув ўтказди. Улар ушбу ҳаракат минтақада кескинликни кучайтиришга қаратилганини бир овоздан таъкидлаган.
Шимоликлар амалга оширган навбатдаги синов парвози БМТ Бош котиби томонидан ҳам кескин қораланди.
Бош котиб Антониу Гутерриш КХДР ҳарбий жосус-йўлдошни коинотга олиб чиқишини БМТ Хавфсизлик Кенгашида қабул қилинган резолюцияга зид ҳаракат, дея баҳолаган.
Бош котиб яна бир бор КХДРни халқаро мажбуриятни бажариш ва мулоқотга қайтишга чақирган.
КХДР ўтган йил “ядровий куч соҳасида олиб бориладиган сиёсат” тўғрисида қонун қабул қилган эди. Жорий йил сентябрда эса ядро қуроли бўйича банд мамлакат конституциясига ҳам киритилди. Жанубликлар бундай муносабатни Сеулга нисбатан очиқ ядровий таҳдид сифатида баҳолаяпти ва шубҳасиз, шунга муносиб равишда жавоб чоралари кўрилишини баён қилмоқда.
С.Раҳимов,
ЎзА