Мамлакатимизда, жумладан, Андижон вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги, саноат, қурилиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ижтимоий соҳалар ривожланмоқда. Вилоятда 2018 йилнинг январь-март ойларида ялпи ҳудудий маҳсулот ўсиш суръати 8,9 фоиз юксалиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,6, қишлоқ хўжалиги 1,7, қурилиш ишлари ҳажми 3,7 фоиз ошди.Президентимиз 2017 йил 2-3 июнь кунлари вилоятга ташрифи чоғида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни билан танишиб, бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан топшириқ ва маслаҳатлар берган эди. Ўтган вақт мобайнида ана шу йўналишда муайян ишлар амалга оширилди.
Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида жорий йилда умумий қиймати 3,8 триллион сўм миқдорида маблағ ўзлаштирилиши ҳисобига 448 лойиҳани амалга ошириш, 22 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш белгиланган. Ўтган давр мобайнида 51 лойиҳа доирасида янги қувватлар ишга туширилиб, 3 минг 869 янги иш ўрни ташкил этилди.
Ҳудудий инвестиция дастури доирасида 10 лойиҳани амалга ошириш учун 11,2 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Жумладан, Шаҳрихон туманида лойиҳа қиймати 1 миллион 600 минг доллар бўлган трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ALS TEX” фабрикаси иш бошлади, 350 киши иш билан таъминланди. Умуман, вилоятда 2018-2019 йилларда 204 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хорижий инвестицияни ўзлаштириш, бунинг ҳисобига ташкил этилган корхоналарда 4 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш белгиланган.
Вилоятда фаолият юритаётган 22 мингдан ортиқ кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида уларга 533,1 миллиард сўм миқдорида кредитлар ажратилди.
Андижон шаҳри, Асака ва Шаҳрихон туманларида ташкил этиладиган кичик саноат ҳудудларида 94 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Натижада 1 минг 908 янги иш ўрни яратилади. Бугунги кунга қадар 33 миллиард 600 миллион сўм маблағ ўзлаштирилиб, 45 лойиҳа ишга туширилди, 771 киши иш билан таъминланди.
Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан 2018 йилда вилоятда 1 минг 205 арзон уй-жойлар қуриб битказилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, жорий йилда профилактика инспекторлари учун 130та арзонлаштирилган намунавий уй-жой, шунингдек, 588 хонадонли 14та кўп қаватли уй қурилиши белгиланган.
Инвестиция дастурига асосан 21 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига 31 объектда 62 километр сув тармоғи қурилади, 17 сув қудуғи, бино ва иншоотлари реконструкция қилинади. Ҳозир маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 74 сув қудуғи, 253 километр сув тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилмоқда. Натижада қатор ҳудудлар аҳолисининг ичимлик суви таъминоти яхшиланди.
Аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 111,7 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари, 108та трансформатор пункти ишга туширилди.
Табиий газ таъминоти, газ балонлари ва кўмир етказиб беришда ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
2018 йилда вилоятда жами 325 давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш белгиланган. Айни кунга қадар 31 нодавлат мактабгача таълим муассасаси ишга тушди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури асосида 14 тумандаги 28 маҳалла фуқаролар йиғинида қурилиш, ободонлаштириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Президентимизнинг навбатдаги ташрифи давомида вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалар ижросининг бориши, аввалги ташриф асносида берилган топшириқларнинг бажарилиши, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.