ХАМАС тарқатган хабарга кўра, гаровда ушлаб турилган 50 нафар исроилликни 150 нафар фаластинликка алмашиш эвазига ҳарбий ҳаракатни тўрт кун тўхтатиб туриш бўйича гуманитар ярашувга эришилган. Бундан ташқари томонлар Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказилиши масаласида ҳам бир тўхтамга келган.
Келишувга тўрт кунлик гуманитар ярашув пайти фаластинликлар Ғазо шимолидан жанубга эркин ҳаракат қилиши таъминланиши банди ҳам киритилди. Ҳозирча музокарада эришилган натижа шу, дейилган ижтимоий тармоқда.
Бу вақтда Исроил армияси Ғазо секторига ҳужум уюштирмайди, ҳибсга олиш амалиётини ҳам тўхтатиб туради. Сектор шимолидаги оддий аҳоли ҳеч қандай тўсиқсиз “Салоҳ-ид-Дин” катта йўли орқали ҳаракатланиши мумкин.
Исроил 24 соат ичида ХАМАС билан келишув доирасида озод этиладиган фаластинлик маҳбуслар исми-шарифини эълон қилиши керак. Бундан кўзланган мақсад Исроил фуқаролари ушбу қарордан шикоят қилиб, судга мурожаат қилишига имкон бериш, деб ёзган “Axios” портали.
ХАМАС гуманитар танаффус чоғида биринчи бўлиб аёллар ва болаларни озод қилади, деб ёзди Исроил Вазирлар Маҳкамаси маълумотига таянган “Associated Press” агентлиги.
Аввалроқ “Haaretz” нашри Исроил томони ХАМАС билан келишув маъқуллангани ҳақида хабар берган эди.
ХАМАС, тахминан, 240 кишини гаровга олган. Таъкидланишича, озод этилган ҳар ўн асир эвазига танаффус даврини яна бир кундан чўзиш режалаштирилмоқда.
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилишича, инсонпарварлик танаффуси қачон бошланиши 24 соат давомида маълум қилинади. Ҳар икки томондан озод қилиниши кўзда тутилган одамлар сони келишувнинг навбатдаги босқичида ортиши мумкин.
АҚШ Президенти Жо Байден Миср, Қатар ва Исроил етакчилари билан бирга Исроил ва ХАМАС ҳаракати ўртасида асирларни озод қилиш бўйича эришилган келишувни тўлиқ амалга оширишни таъминлаш устида иш олиб борилаётганини маълум қилди. У уч давлат етакчиларига битим имзолашга эришилгани учун миннатдорлик билдирган.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған иқтисоди кучли мамлакатларни Ғазони тиклаш жамғармасига ёрдам беришга чақирди. Мазкур жамғарма яқинда Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) саммити доирасида ташкил этилди.
“Hurriyet” газетаси Эрдоғаннинг Жазоирда бўлиб ўтган бизнес-анжумандаги чиқишидан шундай иқтибос келтирган:
– Ғазони тиклаш учун барча чорани кўрамиз. Салмоқли ҳамёнга эга мамлакатларга мурожаат қиламан: улар Ғазога ёрдам кўрсатиши керак. Ар-Риёдда бўлиб ўтган конференцияда жамғарма ташкил этилишини қўллаб-қувватладик. Биз Исроил олиб бораётган сиёсат билан муроса қила олмаймиз.
Кузатувчилар тўрт кунлик танаффусни узоқроқ муддатга чўзиш имкони бор, демоқда. Фақат бунинг учун халқаро ҳамжамият ғарбга ва шарққа бўлинмасдан, бир ёқадан бош чиқариб, Фаластин – Исроил зиддияти билан боғлиқ муаммо ечимини топишга интилиши керак. Ечим эса БМТ ХК қарорида кўрсатилганидек, икки давлат тамойилига асосланиши керак.
С.Раҳимов, ЎзА