Японияда “Ўзбекистон ҳафталиги” давом этади

Аввал хабар қилганимиздек, Японияда “Ўзбекистон ҳафталиги” кунлари давом этмоқда. Ҳафталик доирасида ташкил этилаётган турли тадбирлар, ўзбек санъат усталарининг бадиий чиқишлари, мамлакатимиз тарихи, халқимиз урф-одат ва анъаналари ҳақида сўзловчи амалий санъат ва миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ташриф буюрувчиларга бирдек манзур бўлмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. 

photo_2018-05-18_10-15-14.jpg

Японияда давом этаётган “Ўзбекистон ҳафталиги” кунлари бир-биридан қизиқарли тафсилотларга бой ўтмоқда. Хусусан, куни кеча Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилованинг Токио шаҳрида Япония “Мин-Он” концерт ассоциацияси президенти К.Ито билан учрашуви бўлиб ўтди.

Япониянинг ушбу уюшмаси турли мамлакатлар билан маданият, мусиқа соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш билан шуғулланади.

“Мин-Он” концерт ассоциацияси президенти К.Ито Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова ҳамроҳлигида Ўзбекистон амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик кўргазмасини кўздан кечирди. Тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз тарихи, рангба-ранг маданияти, заминимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар ва буюк мутафаккирлар ҳақида сўзлаб берилди.

К.Ито Ўзбекистон билан Япония ўртасида қарор топган дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари маданий-гуманитар соҳада ҳам фаол ривожланаётганини таъкидлади. Японияда ташкил этиладиган турли тадбирларда Ўзбекистон санъат усталари, Самарқандда ўтказиладиган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида эса япониялик вакилларнинг иштирок этиши ўзига хос анъана тусини олганини мамнуният билан қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, ҳафталик доирасида вакилларимизнинг Япония парламенти депутатлари, маданият ва санъат намояндалари билан учрашувлар ўтказмоқда. Музейлар ишини ташкил этишда замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш, музейга келувчилар учун қулайликлар яратиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини берадиган келишувларга эришилди.

photo_2018-05-16_15-46-07.jpg
photo_2018-05-18_10-14-56.jpg
photo_2018-05-18_10-15-11.jpg

 

ЎзА