Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал демократик партияси ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан “O’zLiDeP – 20 ёшда” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, шаҳар ва туман Кенгаши ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турманов йиғилганларни партия ташкил топганига 20 йил тўлиши муносабати билан табриклаб, ўтган давр мобайнида олиб борилган ишлар, эришилган ютуқларга тўхталди.
Қайд этилганидек, O’zLiDeP шаклланиши ва ривожланишининг ҳар бир даври мамлакатимиз, халқимиз ҳаётидаги муҳим жараёнлар билан боғлиқ ҳолда кечди. Муҳими, O’zLiDeP мамлакат тараққиётининг ҳар бир босқичида юртни, халқни ўйлантирган, уларнинг манфаатларига бевосита дахлдор бўлган масалаларга аниқ жавоб бера оладиган ғоялар, қарашлар билан ўртага чиқди. Шу туфайли сиёсий саҳнага кириб келган илк йилларданоқ мамлакатдаги етакчи партиялардан бирига айлана олди ва ўтган йиллар давомида шу мақомни қўлдан бермай келмоқда.
Партия томонидан амалга оширилаётган тизимли лойиҳалар эса шу йиллар давомида кўплаб ёшлар, аёлларнинг мамлакат сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ҳаётида ўз ўрнини топишига, тадбиркорлар ва фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга кўмаклашиб келмоқда. Буларнинг барчаси бугунги кунга келиб O’zLiDePни мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг ажралмас бир бўлагига айлантирди.
Бугун инсон манфаатини таъминлаш олий қадрият даражасига чиққан, ҳукумат идораларини аҳолига яқинлаштириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган бир даврда O’zLiDeP ўз электоратини ўйлантирган муаммоларни ҳал қилиш йўналишида янада фаолроқ ҳаракат қила бошлади. Бугунги кунда партия – мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлашни ўз олдига мақсад ва вазифа сифатида белгилаб олган. Мақсад ва ғояларнинг аҳолига яқинлиги, мамлакатимиз ривожланишига хизмат қилиши билан партия парламент ва Президент сайловларида самарали иштирок этди.
Қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мамлакат тараққиёти асосий йўналишларини аниқ белгилаб берилган вазифалар мамлакатимиз, қолаверса, унинг ҳар бир ҳудуди барқарор ривожини, устувор соҳалар бўйича ривожланиш мақсадларини ўзида акс эттирган. Уларни бажаришда фаол иштирок этиш, хусусий мулк дахлсизлигини ва тадбиркорлик фаолиятининг эркинлигини таъминлаш, тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш, партиянинг барча тузилмалари ва бўғинлари фаолиятини ушбу мақсадларга йўналтириш бугунги кунда O’zLiDeP олдида турган асосий вазифалардан бирига айланган.
Тадбирда партия фаоллари сўзга чиқиб, партия томонидан эришилган ютуқлар ва партия олдидаги устувор вазифалар бўйича ўз фикрларини билдирди. Байрам тадбири давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан партия тизимида самарали меҳнат қилаётган депутатлар, бир гуруҳ фаолларга Фахрий ёрлиқ, ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири санъаткорларнинг концерт дастури билан давом этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА