ФОТОРЕПОРТАЖ
Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида бугунги кунда 80 мингдан ортиқ ноёб экспонат сақланмоқда.
Музейда археология, табиат, этнография, нумизматика, янги тарих, кўчма кўргазма, ноширлик ишлари ва ахборот технологияларини жорий қилиш бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. Экспозиция зали асосий тўртта – табиат, археология, этнография ва янги тарих бўлимларидан иборат. Улар фондида тўпланган экспонатлар коллекцияси Оролбўйи табиати, унинг флора ва фаунаси, шунингдек, ўлка археологияси, тарихий-маданий ёдгорликлари, қорақалпоқ халқи миллий ҳунармандчилиги, этнографияси, амалий ва тасвирий санъатига тегишли ашёлардан иборат.
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейига филиал сифатида Мўйноқ туманидаги Экология музейи ва Элликқалъа туманидаги Археология музейи бириктирилган.
Музейда маҳаллий ва хорижлик ташриф буюрувчиларга қорақалпоқ, ўзбек, рус ва инглиз тилларида экскурсия ташкил этилади.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида музей экспозиция зали ва унинг иккита филиалига 38 минг 800 дан зиёд киши ташриф буюрган. Шундан 3 минг 404 таси чет эллик сайёҳлардан иборат. Бундан ташқари, 21 минг 190 нафар болажон ва ўсмир ёшга, 600 нафарга яқин кекса ёшдаги ва ногиронлиги бўлган фуқарога бепул хизмат кўрсатилган.
ЎзА фотомухбири Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ олган суратлар