Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий пойтахтимизда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун 9 ноябрь куни мамлакатимизга келди.
Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, кейинги йилларда олий даражадаги Ўзбекистон ва Эрон музокаралари самарали ва амалий руҳда ўтмоқда. Ўзаро ҳамкорликнинг турли соҳаларини қамраб олган қатор ҳужжат қабул қилинди.
Эслатиб ўтиш ўринли, Президент Иброҳим Раисий ўтган йили 14 сентябрда расмий ташриф билан мамлакатимизга келган эди. Давлатимиз раҳбари эса жорий йилнинг 18 июнида расмий ташриф билан Эронда бўлди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА