Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Тошкентда бўлиб ўтадиган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг ўн олтинчи саммитида иштирок этиш учун 8 ноябрь куни мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Тадбир кун тартибига мувофиқ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникациявий ва гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ушбу кўп томонлама тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон етакчисининг таклифига биноан 22 август куни давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борган эди.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстона алоқалар кўп йиллик тарихга эга. Кейинги йилларда бу муносабатлар жадал ривожланиб борди. Хусусан, 2017 йилдан кейин олий даражадаги мулоқотлар фаоллашди. Ўзаро делегациялар алмашинуви кучайди. Бу борада икки мамлакат раҳбарлари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Икром АВВАЛБОЕВ, Носиржон ҲАЙДАРОВ (сурат), ЎзА