Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг разведка хизматлари йил давомида 69 та терактнинг олдини олиб, 73 та махфий террор уяси фаолиятига чек қўйди. Бу ҳақда Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев маълум қилди.
Сешанба куни Тошкентда ШҲТ МAТТнинг “Ишонч, ҳамкорлик ва профессионаллик хавфсиз келажак гарови” мавзусидаги тўққизинчи илмий-амалий конференцияси очилди.
– Саккизинчи конференциядан кейинги давр мобайнида маконимизда аъзо давлатлар ваколатли идоралари ҳамкорлиги ва ўзаро маълумот алмашиши бўйича самарали мувофиқлаштирилган иш натижасида террор ташкилотларининг 73 махфий бўлинмаси фаолиятига чек қўйилди, 69 террор ҳаракатининг олди олинди, – деди Мирзаев анжуманда. – Ўтган вақт ичида халқаро террор тузилмаларининг 507 иштирокчиси ва шериги ҳам аниқланди. Уларнинг 447 нафари қўлга олинди, 182 киши зарарсизлантирилди, 54 жиноятчи судланди.
ЎзА