Исроил импортга қарам мамлакат бўлгани учун озиқ-овқат етишмовчилигига учраши мумкин. Зеро, ХАМАС ҳаракати билан низо шароитида денгиз орқали юк ташийдиган компаниялар Исроил портларига киришдан хавотир олмоқда АҚШда чиқадиган “Foreign Policy” журнали шу ҳақда мулоҳаза юритган.
Нашр таъкидлашича, Исроилга товар етказиш қимматлашиши ва айни жараёнда хавф ортиши мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таҳдид остида қолдиради. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2022 йил учун тайёрлаган ҳисоботида ушбу мамлакат шакар, ўсимлик мойи, буғдой ва қорамол импортига қарам мамлакатлиги қайд қилинган. Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати маҳсулотлари импорти миқдори Исроил экспортига нисбатан уч баробар кўп. Юк, асосан, ХАМАС томонидан ўққа тутилаётган Ашдод ва Хайфа портларидан қабул қилинади.
Кема эгалари ва суғурта компаниялари Исроил портларига кириш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келиши Исроилнинг ХАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати учираётган ракеталарни қай даражада самарали қайтара олишига боғлиқ.
– Эҳтимол, “Ҳизбуллоҳ” Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг “улар кутмаган зарбаларни бериш” таҳдидиданн қўрқмас, лекин кема компаниялари ва суғурта ширкатлари хавотирга тушгани аниқ, – ёзади нашр. – Агар бу корхоналар Исроил портларига кириш хавфли, деган қарорга келишса, мамлакат тез кунларда озиқ-овқат танқислигига учрайди.
Масалан, ўтган ҳафта Тайванга қарашли контейнер ташувчи “Evergreen Line” компанияси узлуксиз ўққа тутилаётган Ашдод портига юк етказиб бериш мажбуриятини бажара олмаслигини эълон қилди. Компанияга қарашли шундай кемаларнинг бири йўналишини ўзгартириб, мажбуран Хайфа портига тўхтаган. Бу шаҳар Ғазодан атиги 50 километр масофада жойлашган.
Бошқа юк ташувчилар ва уларнинг суғурта агентлари ҳам Исроил портларига кириш мақбул эмас, деган фикрни билдирмоқда. Брокерлар баҳо беришича, Мудофаа армияси Ғазо секторига қуруқликдан амалиёт ўтказиш режасини амалга ошира бошласа, Исроил портларига лангар ташлаш ўта хавфли бўлиб қолади. Ашдод портига ҳарбий хавф кучли бўлгани учун минтақа бўйича энг юқори – контейнер қийматининг 0,65 фоизи миқдорида суғурта нархи белгиланган.
“Ҳеч ким портга киришни хоҳламайди, чунки худди Украинада бўлгани каби кейин кемалар чиқиб кета олмайди”, – дейди “Lloyd” суғурта биржаси ҳарбий хавфни баҳолаш қўмитаси вакили Нейл Робертс.
С.Раҳимов,
ЎзА