Бугун, 26 октябрь куни Қирғиз Республикаси пойтахти Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳукумат раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар, Эрон биринчи вице-президенти Муҳаммад Мухбир, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Хитой Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян, Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров, Покистон ташқи ишлар вазири Жалил Аббос Жилоний, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва Ташкилотнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев қатнашди.
Кузатувчи мамлакат вакили ва фахрий меҳмон сифатида анжуманда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Мўғулистон Бош вазири Лувсаннамсрайн Оюун-Эрдене, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ҳожамират Гелдимирадов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев, Евросиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович иштирок этди.
“Ала-Арча” давлат қароргоҳида меҳмонларни дастлаб Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров қабул қилди.
Шундан сўнг, ҳукумат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишни Қирғиз Республикаси Бош вазири Ақилбек Жапаров очди.
Кун тартибига мувофиқ, долзарб иқтисодий ва гуманитар масалалар юзасидан фикр алмашилди, кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди.
Бугунги кунда кўплаб давлатлар янги хавф ва таҳдидлар оқибатини бошдан кечирмоқда. Бундай мураккаб шароитда барқарор ривожланишни таъминлаш ва халқларимиз турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ШҲТнинг устувор вазифаси эканига урғу берилди.
Жорий йил июль ойида Деҳли саммити якунлари бўйича кўплаб келишувларга эришилди. Ташкилот доирасидаги кўп қиррали амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қатор вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Деҳли саммитида сўзлаган нутқида ШҲТ улкан иқтисодий имкониятлар ҳудуди, барча мамлакатларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун платформа ва ресурс базаси эканини таъкидлади.
Чиндан ҳам ўтган йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 22 фоиз ошган.
Биргина жорий йил бошидан республикамизда аъзо давлатлар компаниялари иштирокида мингдан ортиқ янги корхона ташкил этилди ва бу борадаги умумий миқдор 8 мингга етди.
Давлатимиз раҳбари Деҳли саммитида Ташкилотнинг улкан салоҳиятидан унумли фойдаланишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида мазкур ташаббусларни амалга ошириш мақсадида умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ушбу ташаббуслар ШҲТ доирасида савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, саноат кооперацияси, инновация, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризм, экология, ҳудудлараро ҳамкорлик, ёшлар сиёсати, спорт ва бошқа йўналишлар бўйича ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбир якунида ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Қушма коммюнике қабул қилди ҳамда Ташкилот фаолиятига тегишли 13 та ҳужжатни имзолади.
ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2024 йил Покистонда бўлиб ўтади.
ЎзА