Туркия пойтахти Анқара шаҳрида “Чалғитувчи хабарларга қарши кураш” шиори остида ташкил этилган Осиё-Тинч океани ахборот агентликлари уюшмаси (OANA) 51-йиғилишида 15 аъзо ташкилотдан 32 делегат, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ахборот агентлиги – WAM вакиллари иштирок этмоқда.

– Кейинги пайтда ижтимоий медиа платформаларида нохолис маълумот ва хабарлар тарқалиши тез-тез учрамоқда, – деди БАА делегацияси ва WAM раҳбари Муҳаммад Жалол Ар-Раисий. – Бундай ҳолатни аниқлаш, ҳақиқатни юзага чиқариш, ижтимоий тармоқдаги янгиликларни текширишда расмий ахборот агентликлари ва нуфузли оммавий ахборот воситаларининг ўрни алоҳида Янгиликни узатишда ишончлилик муҳим. Турли вазиятда воқеа-ҳодисалар кўплигидан келиб чиқиб, нотўғри хабар ёки маълумотга қарши туриш, эҳтиёткор, ҳушёр муносабатда бўлиш зарурати жуда долзарб.

Татбиқ этилаётган тасаввур ва стереотип билан бирга факт ҳам муҳим. Медиа тузилмалари ва фуқаролик жамияти гегемонизмдан келиб чиқадиган дезинформация кампаниясига қарши курашиши керак. Бу жараён жамоавий ва изчил стратегияни талаб қилади.

Тўрт кунга мўлжалланган тадбир якунида OANA Истанбул декларациясини қабул қилади. Ҳужжат лойиҳасига ташкилотнинг Фаластин – Исроил зиддияти янги босқичи туфайли юзага келган вазият ва ушбу минтақада ишлаётган журналистлар хавфсизлигини имкон даражасида таъминлаш зарурати юзасидан алоҳида таклиф киритилган.

Мазкур уюшма 35 мамлакатнинг 40 дан зиёд ахборот агентлигини бирлаштирган. Дунёдаги энг йирик медиа ташкилоти ҳисобланган OANA аъзолари жами глобал ахборот оқимининг учдан икки қисмига эгалик қилади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА