Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан Исроил армияси радиоси орқали Бош котиб Aнтонио Гутерришнинг Исроил – ХАМАС зиддияти бўйича берган баёнотидан сўнг БМТ расмийларига виза берилмаслигини эълон қилди.

– Тегишли баёнот туфайли БМТ вакилларига виза беришдан бош тортамиз, – деди Эрдан. – Биз Бош котибнинг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитсга айни масалада аллақачон рад жавобини бергандик. Уларга сабоқ бериш вақти келди.

Кеча дипломат БМТ раҳбарини террорни оқлашда айблади ва ХАМАСнинг Исроилга ҳужуми шунчаки содир бўлмаганини айтганидан кейин уни истеъфога чиқишга чақирди.

Aввалроқ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Гутерриш ХАМАСнинг Исроилга ҳужумини қоралаган, шу билан бирга “…вакуумда содир бўлмаганини ҳам тан олиш керак”, деганди. Унинг эслатишича, Фаластин халқи 56 йил давомида “бўғувчи босқинга дучор бўлмоқда”.