Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ахборот агентликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида семинар бўлиб ўтмоқда.
Россия ахборот агентлиги – ТАСС ташаббуси билан ташкил этилган анжуманда Россия, Беларусь, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва озарбайжонлик журналистлар иштирок этмоқда. Улар ўзаро тажриба алмашиб, касбий билим ва маҳоратларини бойитяпти.
Семинарнинг биринчи иш кунида иштирокчилар қарийб 120 йиллик тарихга эга, дунёдаги энг йирик ахборот агентликларидан бири бўлган ТАССнинг асосий бўлим ва таҳририятлари фаолияти, шунингдек, агентлик тарихини акс эттирувчи кўргазмалар ҳамда музей билан танишди.
ТАСС Бош директори ўринбосари Александр Копнов семинар қатнашчилари билан учрашувда агентликнинг яқин хорижий давлатлар, хусусан, МДҲ давлатлари ахборот агентликлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган ишлари, режалари ҳақида гапирди.
Куннинг иккинчи ярмида tass.ru сайти раҳбари Тамара Казарина ва мутахассислар томонидан сайт ишини ташкил этиш, сайтга жойлаштириладиган материаллар дизайни, матни билан ишлаш, сарлавҳа танлаш, умуман, материалларни тез, сифатли ва ўқишли тарзда ўқувчига етказиш юзасидан машғулот ўтказилди.
Сайт мутахассислари ўзларининг илғор иш тажрибалари билан ўртоқлашди. Савол-жавоблар доирасида мазкур йўналишдаги ишларни яхшилаш, мавжуд имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Семинар ҳафта охирига қадар давом этади.
Ф.Убайдуллаев, А.Шокиров,
ЎзА мухбирлари