Бугун, 19 октябрь куни Доҳада давом этаётган шахмат бўйича “Qatar Masters Open” турнирининг 8-тур баҳсларида ўзбекистонлик олти нафар шахматчи ўзаро куч синашади.

31 давлатнинг 158 нафар шахматчиси қатнашаётган нуфузли мусобақанинг 8-турида Жавоҳир Синдоров-Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов-Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов-Абдумалик Абдусаломовлар рўбарў келмоқда. Ушбу жанглар мамлакатимиз шахмат ишқибозлари учун ҳам, мазкур мусобақани халқаро майдонда кузатиб бораётганлар учун ҳам энг қизиқарли ва эътиборли учрашув сифатида ёдда қолиши шубҳасиз.

Кеча поёнига етган 7-тур баҳсларида Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов рақиблари билан муроса йўлини танлаган бўлса, Жаҳонгир Воҳидов ҳиндистонлик Вуппалани мағлубиятга учратиб, очколари сонини 5 тага етказиб олди.

8-тур остонасида терма жамоамиз аъзоларидан айтиб ўтганимиздек, Синдоров ва Ёқуббоев 5,5 очко, Нодирбек Абдусатторов ва Жаҳонгир Воҳидов 5, Шамсиддин Воҳидов ва Абдумалик Абдусаломов 4,5, Саидакбар Сайидалиев 4, Муҳаммадали Абдураҳмонов ва Муҳаммадзоҳид Суяров 3,5, Бобур Сатторов ва Баҳром Баҳруллаев 3, Ҳумоюн Бекмуродов ва Олмос Раҳматуллаев 2,5 очко жамғарган ҳолда мусобақадаги иштирокини давом эттирмоқда.

Бугунгача “Qatar Masters Open”да 6 нафар шахматчи 5,5, 11 нафари 5, 22 нафари 4,5, 32 нафари эса 4 очокга эга бўлиб турибди.

Мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат “Qatar Masters Open” халқаро турнирининг ғолиби 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг ва учинчи ўринни қўлга киритган шахматчи 10 минг АҚШ долларига эга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг сўнгги 9-тур учрашувлари эртага, 20 октябрь куни ўтказилади.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА