Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Хитойга амалий ташриф доирасида Вьетнам Социалистик Республикаси Президенти Во Ван Тхионг билан учрашди.

Икки мамлакат ўртасида, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Таъкидлаш жоизки, Вьетнам Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги муҳим анъанавий ҳамкоридир. Кейинги йилларда турли даражалардаги мулоқотлар фаоллашди, ўзаро савдо ҳажми ва қўшма корхоналар сони ошиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги ва балиқчилик соҳаларида лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Етакчи компанияларимиз нефть-газ мажмуасида, машинасозлик, электротехника, кимё, тўқимачилик, пойабзал, мебелсозлик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда, шу жумладан махсус иқтисодий зоналар ва индустриал парклар доирасида кооперация қилишлари учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Вьетнам етакчилари маданият, таълим ва туризм соҳаларида алмашинувни ривожлантириш муҳим эканини таъкидладилар.