Дунё бўйича энергия ресурсларига талаб 2045 йилга келиб кунига 359 миллион баррелни ташкил этади ёки 23 фоиз ошади. 2022 йил айни кўрсаткич кунига 291 миллион баррелга тенг эди. Бу ҳақда АзерТАЖ агентлиги ОПЕКнинг узоқ муддатли прогнозига таяниб ёзган.

Энергия маҳсулотига талаб Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)га кирмайдиган мамлакатлар ҳисобига ортади. Масалан, ўсиш миқдорининг қарийб 28 фоизи биргина Ҳиндистон ҳиссасига тўғри келади.

ИҲТТ мамлакатларида энергия ресурсларига талаб камаяди.

Тахминга кўра, қайта тикланадиган энергия манбаларининг дунё энергетика мувозанатидаги улуши 2045 йилга келиб 11,7 фоиз ошади. 2022 йил бу кўрсаткич атиги 2,7 фоиз эди.

ОПЕК экспертлари таъкидлашича, нефтга талаб ошиши давом этади. Демак, қора олтин 2045 йилгача энг зарур маҳсулотлар қаторида қолади. Яъни, жами энергия товарларининг 29,5 фоизини ташкил этади.