Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазма саройида хоразмлик рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Мадамин Худойбергановнинг 70 йиллик таваллуд айёми муносабати билан “Табиат жилвалари” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад  қўшни вилоят рассомлари билан ўзаро тажриба алмашиш, ёш авлодни рассом асарлари орқали Хоразм маданияти, санъати билан яқиндан таништиришдир.

Мадамин Худойберганов 1953 йил 10 сентябрда Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилган. 1970 йилда ўрта мактабни тамомлаган. 1971 йилда П.П.Бенков номидаги Ўрта Осиё рассомлик билим юртининг рассом-ўқитувчилик бўлимига ўқишга кирди. 1973-75 йилларда ҳарбий хизматни ўтаган. 1977 йилдан Урганч шаҳар Бадиий фондида график дизайнер бўлиб иш бошлайди.

Ижодий фаолияти давомида республика ва вилоят кўргазмаларида ўз асарлари билан иштирок этди. 1994 йилда Ўзбекистон Рассомлар ижодий уюшмасига аъзо бўлди. 2002 йилдан нафақага чиққунга қадар Ўзбекистон Бадиий академияси қошидаги Урганч тасвирий ва амалий санъат лицей-интернатида тасвирий санъат ўқитувчиси бўлиб ишлаган. 2008 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медали билан тақдирланди. 2013 йилда Урганч бадиий галереясида шахсий кўргазмасини очди. Бир қанча асарлари давлат эксперти томонидан сотиб олиниб, Ўзбекистон давлат музейларида сақланади. Айни пайтда мустақил рассом сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Кўргазмада рассомнинг йиллар давомида яратган манзара, портрет ва натюрморт жанрларидаги 40 га яқин сара асари ўрин олган бўлиб, асарларда рассомнинг ички кечинмалари, туйғулари ўз аксини топади. Жумладан, манзара жанрида “Ойдин кеча”, “Эски ҳовли”, “Урганч арна”, “Куз”, портрет жанрида “рассом Баҳром портрети”, “Автопортрет”, “рассом Сабур Қутлимуратов портрети”, “Ўғлим портрети” ва натюрморт жанрида “Балиқ билан натюрморт”, “Шарқона натюрморт”, “Натюрморт. Бобомдан қолган ёдгорликлар” каби асарлар кўргазмадан жой олган.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.