Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги ишчи гуруҳ оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизлар орасида турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш, “Оҳангарон тажрибаси”ни кенг тарғиб қилиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ҳамда низоли оилалар билан ишлаш тизими билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида бўлди.
Дастлаб буюк аждодимиз, энциклопедист олим Абу Райҳон Беруний ҳайкали пойига гул қўйилиб, ҳурмат бажо келтирилди.
Сўнг туманда хотин-қизларнинг бандлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.
“Райҳон Аппарел” МЧЖ тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда экспорт жараёнини амалга ошириш билан шуғулланади. Ҳозир корхонада 300 нафардан ортиқ хотин-қиз иш билан банд. Тайёр матодан эркаклар ва аёллар кийимлари тикилади. Замонавий тикув машиналари ҳамда бичиш ускуналари Туркия ва Япония давлатларидан келтирилган. Бундан ташқари, корхона 2024 йилдан тўқув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш йўналиши бўйича ҳам иш бошлашни режа қилган.
Беруний тумани аҳолиси томорқадан унумли фойдаланиш ва йилига уч маротаба ҳосил олиш, даромад топиш бўйича алоҳида тажрибага эга. Айниқса, тумандаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида томорқа иссиқхонасидан самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. 6818 нафар аҳоли истиқомат қилаётган маҳалладаги 211 та хонадонда иссиқхона мавжуд. Иссиқхоналарнинг тайёргарлик даражаси, томорқадаги полиз экинлари ва гулчилик билан шуғулланаётган уй эгалари билан суҳбатлашган З.Маҳкамова уларга ўз тавсияларини бериб ўтди. Мазкур тажриба Қорақалпоғистон Республикаси бўйича йўлга қўйилган бўлиб, бу ерда етиштирилаётган маҳсулотлар ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлигини таъминлаш билан бир қаторда, оилавий даромадни кўпайтириб, аҳоли фаровонлигига асос бўлмоқда.
“Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган давра суҳбатида оилалардаги ажримларнинг олдини олиш, маҳаллаларда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, бу ишларни амалга оширишда маҳалладаги нуроний, фахрийларнинг кўп йиллик турмуш тажрибаси қўл келиши бўйича маҳалла нуронийлари билан фикр алмашилди. Бундан ташқари, «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Р.Айтбаеванинг маҳаллада амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботи тингланди ва кейинги режалар муҳокама қилинди. Энг қуйи тизим – маҳалланинг ролини янада кучайтириш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Беруний туманидаги ўрганишлардан сўнг туман ҳокимлигининг мажлислар залида Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа тумани хотин-қизлар фаоллари ҳамда отинойилари билан учрашув ўтказди. Хотин-қизлар томонидан содир этилаётган жиноятларнинг бош сабабини аниқлаш ва чуқур таҳлил қилиш, бу борада ҳамкор ташкилотлар билан доимий статистик маълумотлар олиб бориш, “Аёллар дафтари”да рўйхатда турганлар билан доимий психологик суҳбатлар олиб бориш, шунингдек, бугунги куннинг бош мавзуси бўлган оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ажримларга сабаб бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш бўйича режалар тушунтирилди.
“Инсон қадри учун” деган ғоя асосида бугун Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида бир куч бўлиб, ҳаракат қилаётган эканмиз, жамиятда гендер тенглик, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш йўлида амалга оширадиган натижали ишларимиз бисёр. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Аёл бахтли бўлса, оила бахтли бўлади, оила бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”. Тадбир якунида Беруний туманидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож М.Шариповага уй-жой берилгани тўғрисидаги сертификат топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова бошчилигидаги ишчи гуруҳ Элликқалъа, Мўйноқ, Қўнғирот туманларида ҳам бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири