Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори
Ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳоли оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлаш мақсадида:
1. 2023 йил 15 октябрдан бошлаб 1-иловага мувофиқ дастлаб
28 та туман (шаҳар)ларда эксперимент тариқасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари
ва ижтимоий ходимлар гуруҳлари кўрсатадиган ижтимоий хизматлар
ва ёрдамларнинг янги тизими йўлга қўйилсин.
2. Қуйидагилар туман (шаҳар)лардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари (кейинги ўринларда – ижтимоий ходимлар)нинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга (кейинги ўринларда – ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли) бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини (кейинги ўринларда – индивидуал ижтимоий хизматлар режаси) ишлаб чиқиш;
индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг кўрсатилишини ташкил қилиш, шунингдек, зарур ҳолларда индивидуал ижтимоий хизматлар режасига тегишли тузатишлар киритиб бориш;
ички ресурсларни, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўнгиллиларни (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишга жалб қилиш ҳамда уларнинг мазкур соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар
ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш бериш.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича шахсан масъул ва жавобгар ҳисобланади.
3. Белгилансинки:
2023 йил 15 октябрдан бошлаб талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар
ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш (ундан чиқариш) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилади;
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорларига муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
4. Республика миқёсида ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доирчора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов мазкур қарорга
1-иловада кўрсатилган 28 та туман (шаҳар)ларда ижтимоий хизматлар
ва ёрдамлар кўрсатилишининг янги тизимини йўлга қўйиш жараёнида юзага келадиган тизимли муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриб борсин.
Қайд этилсинки, эксперимент даврида туман (шаҳар) ҳокимликлари “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамларни кўрсатиш тизимини ташкил этиш бўйича
“йўл хариталари”ни тасдиқлайди.
6. Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Агентлик директори М.П. Оллоёров икки ой муддатда эксперимент натижаси бўйича ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тизимини барча ҳудудларда жорий этиш бўйича таклиф киритсин.
7. Ўрнатилсинки:
Агентлик ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар ва болалар билан ишлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади;
ижтимоий ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ўрнатилган тартибда Агентлик томонидан тасдиқланади;
ижтимоий ходимлар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича тўланадиган мукофотлар Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;
Ижтимоий инспекция ва унинг ҳудудий бошқармаларига Агентлик томонидан фаолияти мувофиқлаштириладиган вазирлик ва идоралар ҳамда улар тизимидаги ташкилотларга уларнинг ижтимоий хизмат
ва ёрдамларни қонунчиликда белгиланган тартибда кўрсатмаган
(ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда кўрсатган) ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритиш ваколатлари берилади.
Белгилансинки, “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда ижтимоий ходимлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ давлат харидлари, истисно тариқасида, тўғридан-тўғри шартнома тузиш орқали амалга оширилади.
8. Адлия вазирлиги:
2023 йил 1 ноябрга қадар Агентлик билан биргаликда “Ижтимоий хизмат дарчалари”нинг асосий фаолият йўналишларини белгиловчи регламент тасдиқланишини;
2023 йил 1 декабрга қадар Агентлик буюртмасига асосан “Ижтимоий хизмат дарчалари”нинг тўлиқ фаолият олиб бориши учун зарур моддий-техник база, мебель жиҳозлари, шу жумладан алоқа воситалари (интернет, коммуникация ва бошқалар) билан;
2024 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари
ва уларнинг филиалларида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишга ихтисослашган “Ижтимоий хизмат дарчалари” фаолияти тўлиқ ташкил этилишини таъминласин.
9. Қуйидагилар:
а) Агентлик 2023 йил 1 ноябрга қадар:
“Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида (кейинги ўринларда – Ижтимоий ҳимоя АТ) ижтимоий хизматларни мувофиқлаштирувчи алоҳида электрон модуль (e-case) ишлаб чиқилишини ҳамда унинг фаолият кўрсатишини;
Рақамли технологиялар вазирлиги билан биргаликда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар томонидан фуқароларнинг аризаларини онлайн қабул қилиш тажрибаси мазкур қарорга 1-иловада белгиланган 28 та туман (шаҳар)ларда эксперимент тариқасида амалга оширилишини таъминласин;
б) Рақамли технологиялар вазирлиги, Агентлик Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 декабрга қадар Ижтимоий ҳимоя АТга “Меҳр дафтари”, “Саховат ва кўмак”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” ахборот базалари, шу жумладан ушбу дафтарларга киритилган фуқаролар ҳамда уларга тайинланган тўловлар тўғрисида маълумотлар интеграциясини таъминласин.
10. Агентлик:
а) 2024 йил 1 январга қадар:
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати
ва спорт вазирлиги билан биргаликда “маҳалла еттилиги” томонидан ягона саволнома асосида маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли муаммоларини аниқлаш тизими йўлга қўйилишини;
оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган аҳоли тоифаларини аниқлаш юзасидан таклифлар Ҳукуматга киритилишини таъминласин;
б) 2024 йил 1 мартга қадар давлат томонидан ижтимоий хизмат
ва ёрдамлар кўрсатишда ижтимоий хизматлар кўрсатиш шартномасини тузиш амалиётини жорий этиш бўйича таклифлар Ҳукуматга киритилишини таъминласин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига Агентлик буюртмаси асосида тегишли нодавлат нотижорат ташкилотларига маблағлар ажратиб бориш тавсия этилсин.
12. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда:
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва маҳаллаларда ижтимоий ходимлар фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ жараёнларни қамраб олувчи тегишли Ҳукумат қарорини;
Ижтимоий ҳимоя АТ тизимига интеграция қилинадиган электрон маълумотлар базалари ва идоралараро маълумотлар алмашинуви рўйхати тасдиқланишини таъминласин.
13. Агентлик вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки
ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига
таклифлар киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига
3-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул
ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Агентлик директори М.П. Оллоёров белгилансин.
Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2023 йил 28 сентябрь